1-зал. ГЕОЛОГИК ЎЗГАРИШЛАР ТАРИХИ ВА ЕРДА ҲАЁТНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Рус олими О.Ю.Шмидтнинг илмий назариясига кўра сайёралар қуйидаги жараёнлар натижасида ҳосил бўлган:

  1. Қуёш-жуда катта космик жисм бўлиб, у тортишиш кучига эга. Қуёш Галактика бўйлаб ҳаракатланаётган пайтда тортишиш кучи натижасида ўз атрофига космик жисмларни йиғиб олади. Қуёш атрофидаги жисмлар бирламчи булутлар дейилади.
  2. Қуёш ўз ўқи атрофида айланиши натижасида гравитацион куч ҳосил бўлиб, бирламчи булутларни тартибли ҳаракатлантиради. Космик зарралар гравитацион куч таъсирида ҳаракатланиб, бир-бири билан тўқнашади.
  3. Бирламчи булутларнинг космик зарралари бир-бири билан бирлашиб, ядро ҳосил қилади. Ҳозирги пайтда Ер ядросининг диаметри 12000 километрдан ошиқ.
  4. Математик олимларнинг фикрлари бўйича агар космик жисм (ядро) нинг диаметри 1 километрдан ошса унинг ўзининг тортишиш кучи ҳосил бўлади ва космик жинслар нафақат ҳаракатланганда, балки тортишиш кучи таъсирида сайёралар шаклланади. Ҳозирги пайтда Ернинг тортишиш кучи натижасида унга ҳар куни 100000 тонна космик жисмлар тушади.

     Планеталар. Қуёш атрофида айланиши. Нептун Қуёш атрофида энг узоқ 64 йилу 280 кунда айланиб чиқади. Меркурийнинг бир йили  эса 88 кун ҳисобланади.

     Тунги қоронғи осмонга қарасак, бутун осмон бўйлаб чўзилган ёруғ сомон тўкилган йўлни эслатувчи тасмага кўзимиз тушади. Бу нарса галактикамизнинг юлдузлар нисбатан зич жойлашган белбоғ қисми ҳисоблананади.

Ернинг сайёра сифатида вужудга келган вақтдан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган тараққиёт даври 5-7 миллиард йил ҳисобланади. Бу давр геологиядан илгариги ва геология даврига бўлинади. Ер ривожланишининг геология босқичи Ер пўстлоғининг юқори қобиғи вужудга келгандан сўнг ўтган даврни ўз ичига олади. Ер пўстлоғи пайдо бўлиши билан ерда ҳаёт пайдо бўла бошлаган. Бу босқич 3,5 миллион йил олдин бошланган.

А.И.Опарин ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги фаразида тирик материяни пайдо бўлиш жараёнини уч босқичга бўлган: Биринчи босқич-углеводородларнинг пайдо бўлиши ва улардан энг оддий органик моддаларнинг келиб чиқиши; иккинчи босқич-мураккаб органик бирикмалар (асосан оқсиллар) ҳосил бўлиши; учинчи босқич мураккаб оқсил тузилмаларни пайо бўлиши.

Ер пўстлоғи қатламларидаги органик чўкмалар ва тоғ жинслари турлича бўлиши асосида тоғ жинслари алоҳида гуруҳларга ажратилади, уларнинг вужудга келиши учун кетган вақт эра дейилади. Ўз навбатида эралар даврларга бўлинади.

Архей эраси.

Ернинг геологик  тарихидаги энг қадимий эра бўлиб 3 миллиард йил давом этган. Бу эрадан қолган энг қадимий тоғ жинслари Жанубий Африкадан топилган. Бу эрада тез-тез вулқонлар отилиб турган. Архей эрасининг охирида ҳаво қобиғи ва дастлабки сув ҳавзалари вужудга кела бошлаган.

Протерозой эраси

Тахминан 2,2 млрд. йил илгари ҳосил бўлган қопламаларни қамраб олган. Улар турли таркибли ва ҳар хил даражада метоморфизмга учраган жинслардан таркиб топган. Гранитлашган жинслар шу даврда пайдо бўлган. Протерозой эрасининг бошларида мавжуд бўлган бир ҳужайрали организмлар, кўк, яшил сув ўтлари ўсган, юқори қатламларда эса ноёб ва сийрак тарқалган умуртқасиз чувалчанг ва медузасимонларнинг қолдиқлари топилган. Ўзбекистонда протерозой қатламлари Ҳисор, Томди, Султон Увайс ва бошқа тоғларда тарқалган. Бу жинсларда кўпгина қазилма бойликлар учрайди.

Палеозой эраси.

Палеозой ёки қадимги эра Кембрий даври  (750 млн йил). Бу давр ўз номини Кембрий ётқизиқлари яхши сақланган Британиядаги Уэльс давлатининг эски номи-Кембиядан олган. Даврнинг ўртаси ва охирида Каледон бурмаланиши бошланган. Канада ва Рус платформаларидан бошланиб жануб томонга қадимги Тетис океани чўзилган. Ҳозирги пайтда унинг қолдиқлари Ўрта ер, Қора, Каспий денгизларидир. Унинг жанубий томонида ҳозирги Бразилия, Африка, Мадагаскар, Ҳиндистон, Австралия  ерлари юзасини бирлаштирган Гондвана қитъаси жойлашган. Ўсимликлар дунёси бу даврда турли денгиз сув ўтларидан иборат бўлган. Ҳайвонот дунёсида трилобитлар, елкаоёқлар, медузалар, тикантерилилар яшаган.

Ордовик даври. 60 миллион йил давом этган. Бу даврда Каледон бурмаланиши фазаларидан бири содир бўлиб, бунинг натижасида алоҳида тоғли системалар—Тиёншоннинг Шимолий  тизма тоғлари, Шимолий Аппалач тоғлари кўтарилган. Қуруқликда баланд тоғларнинг бўлмаганлиги, катта сув ҳавзалариниг мавжудлиги сабабли илиқ ва нам иқлим ҳукмронлик қилган. Сув ўсимликлари кўпайган.  Tрилобит ва археоцит каби умуртқасиз ҳайвонлар яшаган. Шу даврда қалқонли балиқларнинг илк вакили пайдо бўлган.

 Силур даври. 30 миллион йил давом этган. Силурнинг бошларида катта—катта қуруқликлар сув остида қолиб кетади .Чунки  шу даврларда ер юзасининг кескин ўзгариши содир бўлди. Каледон тоғ

ҳосил бўлишининг фаоллиги  Европадаги ва Осиёдаги жуда кўп ерларнинг ўзгаришига сабаб бўлди. Шимолий ярим шардаги кичик қитъалар ўзаро қўшилиб катта бир материкка айланди. Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари янада кўтарилди. Силур даврининг охирларида Каледон бурмаланиши тугади. Tоғли ерлар ўсиб, кўп ерларни эгаллади. Ер юзида илк ўсимликлар-псилофитлар,жониворлардан-чаёнлар ва мингоёқлар  пайдо бўлди. Булардан ташқари бошоёқли моллюскалар, маржонлар, денгиз типратиканлари, гигант қисқичбақалар, балиқлар пайдо бўлди.

Девон даври. 50-70 миллион йил давом этган. Бу даврда ер пўстлоғи структура жиҳатдан кам масштабда ўзгарган. Девон даврида бурмаланиш жуда секинлик билан борди.(пайдо бўлди.) Иссиқ қуруқ иқлим ҳукмронлик қилди. Органик дунё мураккаблашиб борди. Равнақ топган псилофит ўсимликлари даврнинг охирига бориб бутунлай йўқолиб кетди. Ўсимликларнинг тараққий этган турлари-қирқбўғим (плаун)лар, қирққулоқлар, бўғимпоялилар кўпайди. Денгиз ҳайвонларидан елкаоёқли ва бошоёқли моллюскалар етакчи ўринни эгаллади. Умуртқалилар янада ривожланди. Акуласимон ва икки ёқлама нафас олувчи балиқлар тараққий этди. Панжақанотли балиқлар пайдо бўлди, давр охирига келиб улардан сувда ва қуруқликда яшовчи жониворлар вужудга келди.

Тошкўмир даври. 55-75 миллион йил давом этган. Бу даврни  тошкўмир деб аталишининг сабаби шу системанинг ётқизиқларида катта кўмир конларининг топилганлигидадир. Тошкўмир даврида Урал, Ғарбий Тиёншон, Туркистон, Олой, Хисор тоғ тизмалари шаклланган. Герцен бурмаланишининг бош фазалари вужудга келган. Ер юзининг катта қисмида иқлим нам ва илиқ бўлган. Ўша пайтларда кенг ялангликларда баланд дарахтлардан иборат зич ўрмонлар вужудга келган. Қирққулоқлар, плаунлар (лепидоденронлар, сигилляриялар), бўғимпоялилар (каламитлар), қирқбўғимлар ривожланган. Бўғиноёқли ҳашаротлар, мингоёқлар, ўргимчаклар яшаган. Баъзи турдаги ниначиларнинг қаноти 70 см етган. Кемирчакли балиқлар(стегоцефаллар) кўпайди.

Пермь даври. 45 миллион йил давом этган. Перм даврида Герцен бурмаланишининг ҳосил бўлиши тугалланаётган эди. Бу даврда кўп қитъаларнинг умумий кўтарилиши ва денгизларнинг катта регрессияси (орқага қайтиши) билан ер юзаси ўзгарган эди. Бу давр мобайнида барча шимолий платформалар Ангарида деб номланган ягона шимолий платформа массивига бирлаштирилган эди. Улкан жанубий Гондвана қитъаси ҳудудини анча кенгайтирди. Иқлим қуруқ континентал эди. Бу давр бошида спорали ўсимликлар қирилиб кетиб, уларнинг ўрнига игнабарглилар, саговниклар ва гингколар пайдо бўлиб, давр ўрталарида яхши тараққий этди. Тоғайли балиқлар камайиб, суякли балиқлар кўпайди. Тошкўмир даврининг охирида пайдо бўлган судралиб юрувчилар Пермь даврида кенг тараққий этган эди.

Мезозой эраси

Мезозой эраси. Триас даври. 45 миллион йил давом этган. Триас даврида  денгиз регрессияси кучайди. Тоғ ҳосил қилувчи тектоник ҳаракатлар жуда суст эди. Ер шарининг деярли хамма жойида континентал иқлим вужудга келди. Ўсимликлар дунёсида очиқ уруғли ўсимликлар-игнабарглилар, саговниклар ва гингколар асосий ўринни эгаллади. Триас даврининг охирроқларига бориб судралиб юрувчилар кўпайиб, ерда яшовчи калтакесакларга (динозаврлар), сувда яшовчи калтакесакларга (ихтиозаврлар ва плезиозаврлар) ва дастлабки учувчи калтакесаклар (птерозаврлар)га бўлиндилар.

Мезозой эраси. Юра даври. 58 миллион йил давом этган. Бу давр ўз номини Швейцариядаги Юра ётқизиқлари яхши ифодаланган Юра тоғлари номидан олган. Юра даврида Киммерий бурмаланиши даври бошланиши натижасида кўпгина тоғ системалари вужудга келди. Юра даврида ер пўстининг айрим жойларини денгизлар эгаллади. Тектоник жараёнлар иқлим хусусиятларига ҳам таъсир кўрсатди. Иқлим илиқ ва нам эди.  Ўсимликлардан игнабарглилар, саговниклар, гингколар мавжуд эди. Юра даврида илк қушлар (археоптерикслар) пайдо бўлди. Уларда қушларнинг типик хусусиятлари билан бирга (пат, қанотлар) судралувчиларга хос (тиш, қанотлари учида панжа) хусусиятлар мавжуд эди. Юра даврининг ўрталарида дастлабки сутэмизувчилар пайдо бўлди.

     Археоптерикс. Фанга маълум бўлган қушларнинг энг қадимийси археоптерикс (Archaeopteryx lithographica) ҳисобланади. Бу каптардек келадиган қуш бўлган. Бош суяги, қанотлари ва думининг тузилиши судралиб юрувчиларнинг яқин қариндошлигидан далолат беради. Жағларида майда конуссимон тишлари бўлган; боши шох моддасидан иборат тангачалар билан қопланган. Олдинги оёқлари қанотларга айланган, аммо ҳали ўткир тирноқларга эга бўлган учта эркин бармоқлари сақланиб қолган.

Мезозой эраси. Бўр даври. 70 миллион йил давом этган. Бўр даври биринчи марта Франция ҳудудида қайд қилинган эди. Бу давр шу система қатламларида ётадиган оқ бўр кенг тарқалганлиги учун шу номни олган. Бўр даврида бурмаланишнинг Киммерий даври тугади. Бурмаланиш билан бир вақтда кенг  Гондвана жанубий платформаси Жанубий Америка, Африка, Хиндистон ва Австралия каби алоҳида қитъаларга ажралди. Ангарида шимолий платформаси икки қитъа-Евроосиё ва Шимолий Америкага бўлинди.  Дуб, қайин, дафна дарахти, магнолия каби ўсимликлар пайдо бўлди. Ерда яшовчи умуртқалилар гуруҳига кирувчи илонлар пайдо бўлди. Асосан ҳашаротхўрлардан иборат бўлган сутэмизувчилар ривожланди. Суякли балиқларнинг ривожланиш даври бошланди.

Кайназор эраси.

Кайназой эраси. Палеоген даври 41 миллион йил давом этган. Палеоген даврининг бошларида Ер пўстлоғи Альп бурмаланишини бошидан кечирди. Альп, Карпат, Кавказ, Ҳимолай каби тоғларнинг ҳосил бўлиши шу даврда рўй берди. Палеоген даврининг бошларида денгиз трансгрессиялари (денгиз ҳужумлари) содир бўлган. Бу даврда иссиқни  севувчи ўсимликлар ўсган. Пальма, хурмо, лавр, магнолия, секвойя, папоротник, дуб, қайин, тол, клён (заранг) кабилар бунга мисол бўла олади. Ҳайвонлардан кит, тюлен, кўршапалак, делфин, каркидон, маймунлар, катталиги тулкидай келадиган бешпанжали от авлодлари ва қопчиқли ҳайвонлар пайдо бўлди.

Кайназой эраси. Неоген даври. 25 миллион йил давом этган. Неоген даврида Ер юзаси ҳозирги замондаги кўринишга ўхшаб борди. Бундан олдинги даврларда катта майдонни эгаллаган Тетис денгизи ўрнида Ўрта ер денгизи, Каспий, Орол, Балатон каби сув ҳавзалари ҳосил бўлди. Кучли тоғ ҳосил бўлиш жараёни натижасида Альп, Карпат, Болқон, Кавказ, Ҳимолай каби тоғ системалари кўтарилди. Денгиз трансгрессияси анча камайди. Ҳозирги замондагига ўхшаш ҳайвонлар ва ўсимликлар пайдо  бўлди. Дуб, қайин, клён, тол, пальма, секвойя, ботқоқ капираси, папоротник, бук, акация каби ўсимликлар, қиличтишли йўлбарслар, мастодонтлар, жирафалар, одамсимон маймунлар-дриопитеклар мавжуд эди.

Кайназой эраси. Тўртламчи давр. 1,5-2 миллион йиддан бери давом этиб келмоқда. Иқлимнинг кескин совуши оқибатида Шимолий ярим шарнинг ҳудудини  музликлар эгаллади. Музликлар иқлим исиши натижасида эриб, яна қайта такрорланиб турарди. Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудларида муз босишлар ҳозиргига қараганда анча кўп эди. Бу даврда мамонт, жунли каркидонлар яшаган эди. Органик дунёнинг тўртламчи даври тарихининг асосий муҳим хусусияти шундаки, бу даврда одам ва унинг маданияти пайдо бўлди ва ривожланди, шунинг учун ҳам тўртламчи даврни Антропоген деб аталади

Одам эволюцияси

Турли даврларга оид ер  қатламларида жойлашган палеонтологик намуналар жой олган. Дарахт бўлаги, барглар, турли майда ҳайвонлар Ер остидаги турли эндоген жараёнлар натижасида тошга айланиб қолган.

Экспозицияда неандарталь одамларнинг тош қуроллари ўрин олган. Бу тош қуроллар олов яратиш учун чақмоқтош вазифасини бажарган,ўлжаларини терисини шилиш учун пичоқ вазифасини ўтаган. Экспозицияда кроманьон одамларнинг тош қуроллари ўрин олган. Бу тош қуроллар болға, пичоқ вазифаларини бажарган.  Улар бу тош қуроллар ёрдамида турли ишларни бажаришган. Тошга айланиб қолган мамонтнинг тиши, тошга айланиб қолган ҳайвон қолдиқларидан намуналар, тошга айланиб қолган икки табақали моллюскалар, тошга айланиб қолган бош оёқли моллюска ўрин олган.  Экспозициядан пўстлоқ излари, уруғли папоротник, тошга айланиб қолган икки табақали моллюска, тошга айланиб қолган дарахт, стролобитларнинг изларидан намуналар ўрин олган.

Қадимги питекантроп одамлар ов қуроллари ёрдамида мамонтларни овлаш тасвири намойиш қилинган. Бу давр палеоген ва неоген даврларига тўғри келган. Бу даврларда кенг ҳудудларда рўй берган кўтарилишлар натижасида иқлимнинг кескин совуши оқибатида шимолий ярим шарнинг катта қисмларини кенг музликлар эгаллаган. Мамонтларнинг териси ҳам совуқ пайтда питекантроп одамларга асқотган.

Мамонт териси ва тери ости ёғи. Мамонт сон суяги. Бу экспонат 1976 йилда Ўзбекистон Давлат табиат музейнинг 100 йиллигига совға сифатида тақдим қилинган.

Қадимги  неандерталь одамларнинг жамоа бўлиб яшаши такомиллашган. Оила ташкил топган. Қадимги одамлар уйлари оддий чайлалардан иборат бўлган. Ўлжаларининг терисидан турли буюмлар ясашган.

Олимларнинг фараз қилишларича  вақт ўтиши билан бошқа ҳудуддан келган, жисмонан замонавий одамларга ўхшайдиган кроманьон одамлар неандерталларни ўлдиришган ва уларнинг ҳудудларини эгаллашган.

Кроманон одамлар аста-секин тараққиёт босқичига чиқишган. Меҳнат тақсимоти пайдо бўлган. Улар ов қилишган. Ўлжаларининг суякларидан турли буюмлар ясашган. Тош қуроллар ва ўлжаларининг қонидан деворларга турли расмлар чизишган. Қадимги маданият пайдо бўлган.

Питекантроплар. 1891йилда Голландия олими Дюбуа Индонезиянинг Ява оролининг Соло дарёси қирғоқларидан питекантропнинг суяк қолдиқларини топган. Олимларнинг фикрича Африкада ҳам питекантропларнинг аждодлари яшаган. Улар тахминан 1,5-1,9 миллион йил олдин яшаган.Уларнинг бўйи 170 см бўлган. Уларнинг бош суягининг  ҳажми 940 см3 бўлган. Cинантропнинг бош суяги. Осиёда синантроп хитой одами  номи билан маълум бўлган одамларнинг суяк қолдиқлари 1927-37 йилларда Хитойнинг Пекин шаҳри атрофидаги ғордан   топилган. Улар 500 минг йил олдин яшаган. Жағлари кенг бўлган. Даҳанга эга эмас эдилар. Бурунлари кенг ва япалоқ бўлган. Эркакларининг бош суяги  1300 см3, аёлларининг бош суяги  850 см3 бўлган.

Неандерталлар. Уларнинг илк қолдиқлари Германиянинг Неандертал водийсидаги Дюссел  дарёси ҳудудидан топилган.Улар биринчи бўлиб ўлган одамларни дафн этишган. Тахминан милоддан 30 минг йил аввал неандерталлар бутунлай қирилиб кетган. Уларнинг бўйи 156-165 см бўлган.

Кроманьонлар.  Милоддан аввалги 40 минг йил аввал замонавий қиёфадаги одамлар яшаганлар, уларнинг дастлабки қазилма суяклари ва маконлари Франция жанубидаги Кро-Маньон ғоридан топилган. Улар Европа, Осиё, Америка, Австралияга тарқалишган, ташқи қиёфалари, жисмоний тузилиши, бош миясининг ривожланганлиги билан ҳозирги одамларга ўхшаш бўлишган. Уларнинг бўйи 180 см бўлган. Меҳнат тақсимоти вужудга келган ибтидоий санъат юзага келган.

Экспозицияда неандарталь ва кроманьон одамларнинг тош қуроллари ўрин олган. Бу тош қуроллар олов яратиш учун чақмоқтош вазифасини бажарган, ўлжаларини терисини шилиш учун пичоқ вазифасини ўтаган. Бу тош қуроллар ёрдамида турли ишларни бажаришган. Палеонтологик намуналар ўсимлик ҳашоратларнинг тошга ёпишиб қолган қолдиқлари, мамонтларнинг тошга айланиб қолган суяклари мамонт териси ва тери ости ёғи, пўстлоқ излари, уруғли папоротник, тошга айланиб қолган икки табақали моллюска, тошга айланиб қолган дарахт, стролобитларнинг изларидан намуналар ўрин олган.

     Кроманьоннинг бош суяги. Кроманьонларнинг бош суяги узун, кенг бўлиб, аниқ акс этиб турган ияк, кенг пешона, кенг ҳажмли бош суяги чаноғига эга бўлганлар. Кроманьонлар эркакларининг бош суяги чаноғи 1800 см3, аёлларининг бош суяги чаноғи 1575 см3 бўлган. 

     Тешиктош боласи. 1938 йилда А.П.Окладников Сурхондарёнинг Бойсун тоғидаги Тешиктош ғоридан тош қуроллари ва 9 ёшли боланинг скелетини топди. Ғорда гулхан қолдиқлари, тоғ эчкиларининг суяк ва шохлари бор эди. Бу нарса Тешиктош неандарталлари ов билан шуғулланганидан дарак беради. Антропологик тадқиқотлар натижасида машҳур олим М.М.Герасимов  боланинг скелетини тиклади. Экспозицияда ушбу неандартал боланинг макети жой олган.

     Сурхондарёнинг Зараутсой тоғларидан кроманьон типидаги одамлар чизган турли ҳайвонлар шакллари, уларнинг овчилик билан шуғулланганидан дарак беради. Шунингдек, экспозицияда Навоий вилоятидаги Сармишсой ва Тошкент вилоятидаги Хўжакент ҳудудларидан топилган қадимги аждодларимиз тошга ўйиб ишлаган расмларни ҳам кўриш мумкин.

Умумий биология зали.

Умумий биологияга бағишланган кўргазма одамнинг келиб чиқиши, генетика ва селекциянинг ривожланиши ҳақида ахборот беради.

Сунъий танлаш. Бунда ўсимлик ва ҳайвонларни кўпайтиришда инсон онгли ва онгсиз равишда чатиштириш йўли билан янги зотдор турлар ва навлар яратади. Бу навлар инсон эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Каптарлар ва паррандалар экспозициясига қўйилган биогуруҳлар сунъий танлаш ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилади. Экспозицияда сиз кўриб турган каптарлар хонакилаштирилган. Паррандалар биогурухида эса ёввойи банкив хўроз ва товуқлардан “Леггорн”, “Бентамка”, “Урушқоқ хўроз” ва товуқларнинг хонакилаштирилган зотлари яратилганлиги айтиб ўтилади.

Табиий танлаш. Табиий шароитга мослашиб яшай оладиган ҳайвонларнинг ҳаёт кечириш жараёнида табиий танлаш кузатилади. Бунда ҳайвонларнинг баъзи турлари шароитга мослашиб, яшаб қолади, мослаша олмаганлари қирилиб кетади. Буни тожли турна мисолида кўриш мумкин.

Сут эмизувчиларнинг эмбрионал ривожланиши:   Сут эмизувчилар эмбриони халтага ўхшаш махсус орган-бачадон ичида ривожланади. Тухум ҳужайралари тухумдонда етилади, у ердан тухум йўлига тушиб, уруғланади. Уруғланган тухум ҳужайра тухум йўлида ривожлана бошлайди. Эмбрион бачадонга тушгач, унинг деворига ёпишиб олади. Бачадонда ривожланаётган эмбрион ҳомила дейилади. Ҳомила йўлдош орқали бачадон девори билан боғланган. Бачадон қон томирлари киндик орқали йўлдошга келадиган қон томирларига зич тегиб туради. Озиқ моддалар ва кислород йўлдош орқали она қонидан ҳомила қонига ўтади. Ҳомиладорлик муддати ва ҳомила сони сут эмизувчиларнинг яшаш тарзига боғлиқ.

Қушларнинг эмбрионал ривожланиши:         Қушлар тухум қўйиб кўпаяди. Тухум марказида суюқ сариқлик бор, сариқликни суюқ оқсил ўраб туради. Суюқлик икки томондаги канопча ёрдамида тухум пўчоғига осилиб туради. Муртак сариқлик сиртига жойлашган. Қуш тухум босиб ётганда тухумлари бир меъёрда исиши учун уларни оёғи билан дам-бадам айлантириб туради. Тухум айланганида сариқлик ҳам айланганидан, муртак доимо сариқлик устида, яъни қуш танаси яқинида туради.

Судралиб юрувчиларнинг эмбрионал ривожланиши:      Судралиб юрувчиларнинг тухуми урғочиси жинсий йўлида уруғланади. Эркагининг сперматозоидлари урғочисининг клоакасига тушади. Судралиб юрувчиларда бошқа ҳақиқий қуруқликда яшовчи ҳайвонлар сингари ички уруғланиш содир бўлади.

Амфибияларнинг эмбрионал ривожланиши: Урғочи амфибиялар сувга ташлагаган тухумларига эркак амфибиялар уруғ суюқлиғларини тўкиб кетади. Уруғланган тухумнинг қобиғи бўртиб, тиниқ ёпишқоқ шилимшиқ парда ҳосил қилади. Тухумлар сув юзасида тўп-тўп бўлиб қалқиб юради. Уруғланган тухумдан личинка ривожланиб чиқади. Личинканинг кўриниши майда балиқчага ўхшайди. Унинг узун ва кенг думи, икки ёнида жойлашган икки тутам ташқи жабралари бўлади. Ривожланган сайин ташқи жабралар халқум деворида жойлашган ички жабралар билан алмашинади. Личинканинг юраги икки камерали, қон айланиш тизими ҳам битта доирадан иборат. Тухумдан чиққан личинканинг дастлаб орқа оёқлари, сўнг олдинги оёқлари пайдо бўлади. Жабраси ўпка билан алмашинади. Қон айланиш тизими ҳам қайта қурилади. Думи аста-секин йўқолиб кетиб, личинка амфибияга (бақа ёки қурбақа) айланади ва қуруқликка чиқади.

Қушларнинг, амфибияларнинг, сут эмизувчиларнинг, балиқларнинг, судралиб юрувчиларнинг  ички тузилиши:

Сут эмизувчиларнинг ички тузилиши: Cут эмизувчилар скелети бош, умуртқа поғонаси, кўкрак қафаси, олдинги ва орқа оёқлар ҳамда улар камарлари скелетларидан иборат. Уларнинг бош мияси анча кучли ривожланганлиги сабабли мия қутиси ҳам бошқа умуртқали ҳайвонларникигига нисбатан йирик бўлади. Умуртқа поғонаси бўйин, кўкрак, бел, думғаза ва дум бўлимларига ажратилади. Бўйин 7 та умуртқадан иборат. Кўкрак умуртқалари 12-15 бўлиб, қовурғалар ва тўш суяги билан биргаликда кўкрак қафасини ҳосил қилади. Бел 2-9 та умуртқадан иборат. Бел умуртқалари ўзаро ҳаракатчан қўшилганлиги сабабли сут эмизувчиларнинг танаси белдан букилиши мумкин. Думғаза бўлимидаги 3-4 та умуртқа чаноқ суяги билан қўшилиб кетган. Дум умуртқаларининг сони (3 тадан бир неча ўнтагача) думнинг узунлигига боғлиқ. Сут эмизувчилар оёқларининг скелети судралиб юрувчиларникига ўхшаш суяклардан иборат. Олдинги оёқ камари скелети иккита курак ва қўшилиб ўсган кўкрак тиргак суяги ва ўмров суягидан иборат. Курак тишлари бирмунча майда, қозиқ тишлари ва уларнинг ёнида жойлашган йиртқич тишлар кучли ривожланган. Сут эмизувчиларнинг мускуллари жуда кўп ва хилма-хил бўлади. Кўпчилик сут эмизувчиларнинг орқа мускуллари, қўл ва оёқ ҳамда қўл ва оёқ камарининг мускуллари кучли ривожланган.

Сут эмизувчиларнинг нафас олиш тизимида бурун бўшлиғи,   ҳиқилдоқ, кекирдак ва бронхлар  асосий вазифани бажаради. Улар  орқали ҳаво кўкрак қафасига жойлашган ўпкага киради. кўкрак  қафаси диафрагма парда орқали қорин бўшлиғидан ажралган. Нафас  олганда қовурғалар кўтарилиб, диафрагма қорин бўшлиғига  сурилади. Бунинг натижасида кўкрак қафасининг ҳажми  ошади, атмосфера босими таъсирида ҳаво ўпкага отилиб киради. Нафас чиқаришда қовурғалар пасайиб, диафрагма гумбаз шаклида  кўкрак бўшлиғига кўтарилиши туфайли кўкрак қафаси тораяди ва  ҳаво ўпкадан чиқиб кетади. 

Сут эмизувчиларнинг қон айланиш тизими юрак тўрт бўлмали бўлиб, иккита қоринча ва иккита бўлмадан тузилган.

     Қон айланиш тизими катта ва кичик қон айланиш доириларидан иборат. Сут эмизувчиларнинг артерия қони вена қонидан батамом ажралган. 

     Сут эмизувчиларнинг бир жуфт буйраги ловия шаклига эга.  Бу орган қорин бўшлиғида бел умуртқаларининг икки ёнида жойлашган.

     Cут эмизувчиларнинг жигарида оқсиллар алмашинуви пайтида токсик моддаларни йўқотиш жараёнлари юз беради.

     Сут эмизувчиларнинг бош мияси 5та  бўлимдан иборат. Олдинги мия катта яримшарлари анча мураккаб тузилган бўлиб, уларнинг пўстлоғи бурмаларни ҳосил қилади. Бурмалар қанча кўп бўлса, мия пўстлоғида шунча кўп ҳужайралар бўлади. Сут эмизувчилар ҳаёти давомида ҳосил бўладиган хилма хил шартли рефлекслар  мия пўстлоғининг фаолияти билан боғлиқ.      

Қушларнинг ички тузилиши:     Қушларнинг ошқозони икки бўлимдан иборат. Олдинги безли бўлмаган ажралиб чиқаётган ошқозон шираси таъсирида озиқ юмшайди. Ошқозоннинг мускулли иккинчи бўлмасида озиқ майдаланади. Қушлар ютадиган майда тошлар озиқни майдалашга ёрдам беради. Озиқ уларнинг ичагида тез ҳазм бўлади. Қушлар ичаги клоакага очилади. Клоакага жинсий органларнинг чиқариш йўли ҳам очилади.

     Қушлар анча мураккаб тузилган ўпка орқали нафас олади. Нафас олишда ҳаво пуфаклари ҳам иштирок этади. Пуфаклар ички органлар орасида жойлашган ва ўпка билан боғланган. Қушлар ерда кўкрак қафасининг кенгайиб-торайиши туфайли нафас олади. Учаётган қуш қанотларининг кўтарилиб туширилиши билан пуфаклар ҳам кенгайиб-тораяди. Учаётган қуш ўпкасида газ алмашинуви икки марта: ҳаво ўпкага кирганида ва пуфаклардан чиқаётган ҳаво ўпка орқали ўтганда содир бўлади. Қуш қанча кўп марта қанот қоқса, ўпка орқали ҳаво айланиши шунча тез боради. Шунинг учун учаётган қушнинг нафаси бўғилмасдан, аксинча, тезлашади. Бундан ташқари, ҳаво пуфакчаларига кирадиган ҳаво қушлар танасини совутиб туради.

     Қушларнинг қон айланиш тизими иккита қон айланиш доирасидан иборат. Юраги 4 камерали: 2 та юрак бўлмаси ва 2 та қоринчадан иборат. Шунинг учун артерия ва вена қони тамоман ажралган бўлиб, юракдан танага кислородга бой артерия қони келади. Қушлар юрагининг ишлаши уларнинг ҳаракатлари билан боғлиқ. Моддалар алмашинуви жараёнида қушлар организмида жуда тез кечганидан, уларнинг тана ҳарорати ўртача 42 даража иссиқни ташкил этади.

     Қушларнинг бош мияси анча йирик ва мураккаб тузилган. Уларнинг хилма хил хатти ҳаракатлари бош миянинг кучли ривожланганлиги билан боғлиқ.  Қушларнинг миячаси пўстлоғида бурмалар кўп бўлади. Лекин кўпчилик хатти-ҳаракатлари (урчиш, уя қуриш, тухум босиш, полапонларини боқиш) туғма инстинкт ҳисобланади.

     Қушларнинг ҳазм қилиш органлари оғиз бўшлиғи, халқум, қизилўнгач, ошқозон ва ингичка, йўғон ҳамда тўғри ичакдан иборат. Оғиз бўшлиғидаги тили ёрдамида озиқнинг таъмини аниқлайди. Оғиз бўшлиғида сўлак безларидан ажралиб чиқадиган сўлак озиқни ҳўллайди. Тишлар эмизувчилар тили ёрдамида озиқни сўлак билан аралаштиради. Оғизда майдаланган озиқ ошқозон шираси билан аралашиб, қисман ҳазм бўлади ва ичакка ўтади.Ингичка ичакда озиқ   ичак ва ошқозон ости безларидан ажралиб чиқадиган ҳазм шираси ҳамда жигардан ажраладиган ўт  суюқлиги таъсирида ҳазм бўлади.  Озиқнинг ҳазм бўлмаган қисми йўғон ичакка тушади. У ердан тўғри ичак ва анал тешиги орқали  ташқарига чиқиб кетади.

                 Балиқларнинг ички тузилиши: Балиқнинг скелети асосини тана бўйлаб ўтадиган умуртқа поғонаси ташкил этади. Умутқа поғонаси чала ҳаракатчан бириккан 39-42 та умуртқалардан иборат. Тана бўлимидаги умуртқаларга икки ён томондан қиличсимон қовурғалар бирикади. Умуртқа поғонаси калла суяги билан ҳаракатсиз бириккан. Сузгичлар скелети сузгич ёйлари ва улар камари суякларидан иборат. Бош скелети бош мияни ҳимоя қилиб турадиган мия қутиси, оғиз бўшлиғини ўраб турадиган жағлар, жабра қопқоқлари суякларидан иборат. Скелет мускуллар учун таянч, ички органларни ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Мускуллари балиқ териси остида жойлашган бўлиб, суякларга бириккан.

     Ҳазм қилиш тизими оғиз бўшлиғи, халқум, қизилўнгач ва ичакдан иборат. Нафас олиш системаси жабралардан иборат. Балиқлар сувда эриган кислород билан нафас олади. Қон айланиш системаси юрак, қорин ва орқа аорталари, артерия, вена ва капилляр қон томирларидан иборат. Тўқималарда ҳосил бўладиган моддалар алмашинуви маҳсулотлари иккита тасмасимон қўнғир-қизғиш буйраклар ёрдамида амалга оширилади. Моддалар алмашинуви жараёнида ташқи муҳитдан олинган озиқ моддалардан организм учун зарур бўлган моддалар ҳосил бўлади.

Амфибиянинг ички тузилиши:   Амфибия скелетининг асосий бўлимлари суяклардан иборат. Унинг ҳазм қилиш органлари оғиз бўшлиғидан бошланади. Оғиз бўшлиғида конус шаклидаги тишлар, яхши ривожланган тил жойлашган. Озиқни юмшатиш учун сўлак безлари орқали оғиз бўшлиғида сўлак пайдо бўлади. Оғиз бўшлиғидан калта қизилўнгач ўтган. Ошқозон яққол бўлинган. Ўн икки бармоқли ичакка жигар ва ошқозон ости бези уланган. Йўғон ичак амфибиянинг умуртқа поғонасининг ён томонида жойлашган  иккита узун тасмасимон буйракларига уланган ва клоакани ҳосил қилади. Амфибия ўпка ва териси ёрдамида атмосфера ҳавосидан нафас олади. Ўпкаси содда тузилган бир жуфт халтачалардан иборат. Амфибиянинг қон айланиш тизими органлари юрак, артерия, вена капилляр қон томирларидан иборат. Юрак битта қоринча ва иккита бўлмадан иборат. Қон айланиш тизими катта ва кичик қон айланиш доирасидан иборат.

     Судралиб юрувчиларнинг ички тузилиши:         Судралиб юрувчиларнинг боши 8 та умуртқалар орқали танасига ҳаракатчан бириккан. Кўкрак умуртқаларининг ҳар бирига икки ён томондан биттадан қовурғалар туташган. Кўкрак қафасида ўпка ва юрак жойлашган. Айрим судралиб юрувчилар ўпкаси билан нафас олади. Уларнинг ўпка девори кўплаб катакчаларга бўлинган. Юраклари иккита бўлма ва битта қоринчадан иборат. Судралиб юрувчиларнинг ҳазм қилиш найчаси ўзгарувчан. Оғиз бўшлиғи халқумдан алоҳида жойлашган. Қизилўнгач узун бўлиб, ошқозон ичакдан, ингичка ичак йўғон ичакдан  ажратилган. Ингичка ва йўғон ичак орасида кўричак жойлашган. Тана мувозанатини сақлайдиган ва ҳаракатини бошқарадиган миячаси анча кучли ривожланган.

     Каптарлар биогуруҳи. Бу экспозицияда ёввойи  тоғ каптаридан “Товус”, “Буқоқ”, “Якобин”, “Аждар” каби хонакилаштирилган  каптарлар келиб чиққанлиги ўрин олган. Тоғ каптари каптарлар туркумига киради. Ўзбекистонда тоғлик ва қоялик ерларда яшайди. Май ойида 3-4 та тухум қўяди. Тоғ каптари ҳар хил донлар ва ёввойи ўсимликларнинг уруғлари билан озиқланади.

     Сунъий танлаш. Бунда инсон ўсимлик ва ҳайвонларни кўпайтиришда чатиштириш йўли билан тегишлича  янги серҳосил, зотдор навлар ва турлар яратади. Булар инсон эҳтиёжини қондиришга қаратилган. “Каптарлар” биогуруҳида ёввойи тоғ каптаридан буқоқ, товус, аждар, почтачи, хитой чайкаси каби хонакилаштирилган уй каптарлари зотлари келиб чиққанлиги ўрин олган. 

Паррандалар. ”Паррандалар” биогуруҳида эса ёввойи банкив хўроз ва товуқлардан “Леггорн” , “Бентамка” , “Урушқоқ” хўроз ва товуқ зотларининг келиб чиққанлигини айтиш мумкин .Буни Ч.Дарвин тадқиқотлари натижасида аниқлаган. Булар тухум, гўшт, пат олиш учун яратилган.

     Паррандалар (зоти). Банкив хўроз ва товуқ зотлари. Банкив хўроз ва товуқлар товуқсимонлар туркумига киради. Осиёнинг Ҳиндистон, Мянма, Таиланд, Ҳиндихитой мамлакатлари, Суматра ороли каби жанубий мамлакатларда тарқалган. Тоғ ва текисликлардаги ўрмон ва бутазорларда яшайди. Унинг ранги уй хўроз ва товуқларникига ўхшайди, лекин улардан бироз кичикроқдир. Банкив хўроз ва товуқ ўрмон қушидир, лекин эрталаб ва кечқурун овқат ахтариб ўрмондан очиқ далаларга ҳам чиқади. У яхши учади; кечалари дарахтга чиқиб тунайди. Банкив товуқ саёз чуқурчадан иборат уясига 5-13 та тухум қўяди. Банкив хўроз ва товуқлар ҳар хил донлар, уруғ ва мевалар, майда умуртқасизлар билан озиқланади.  

Қуш тумшуқларининг овқатланишга мослашуви.

     Қушлар тумшуқларидан ов қилиш, овлаган ўлжаларини ўзларига бўйсундириш учун фойдаланадилар.  Қушлар озиғини тутишда  тумшуғидан фойдаланади. Тумшуқнинг тузилиши озиқ хилига боғлиқ. Бирмунча йирикроқ озиқни бутунлигича ютади.

     Экспозицияда намойиш этилган қуш тумшуқларнинг овқатланишга мосланишига оид экспонатдаги йиртқич қушларнинг тумшуғи қисқа,  бақувватлиги ва учи пастга қайрилгангилиги кўрсатилган. Бундай тумшуқ уларнинг ўз ўлжаси, терисини йиртиб, этини юлиб олишга имкон беради.

     Япалоққушлар туркумига кирувчи қушларнинг қайрилган тумшуқлари эса тирик ўлжани тутишга имкон беради.  

Соҳил ва сув қушлари сув ҳавзаларининг саёзликлари, соҳил яқини ва ботқоқликларда озиқланади. Узун тумшуқлари ёрдамида сув ичидан ўлжасини тутади.

     Ғозсимон қушлар тумшуқларининг қирраси бўйлаб ҳар хил шаклдаги мугуз пластинкалар жойлашган. Тумшуғининг учи эса кенгайган. Ғозсимон қушлар туркумига кирувчи ўрдаклар сув тубидаги балчиқни тумшуғидаги мугуз пластинкалари орқали сиздириб ўтказиб, ундан майда жониворлар ва ўсимликларни ажратиб олади.

     Ғозсимон қушлар туркумига кирувчи ғозлар бақувват тумшуғи четидаги ўткир мугуз пластинкалари ёрдамида ўсимликларни қирқиб олиб ейди.

     Чумчуқсимонлар туркумига кирувчи қушлар тумшуғи ёрдамида ҳавода учаётган ҳашаротларни тутишга мослашган.

     Каптарсимонлар туркумига кирувчи қушларнинг тумшуғи тўкилган донлар, ёввойи ўтларнинг уруғини териб ейишга мослашган.

     Чўлда яшовчи қушларнинг тумшуқлари ердан озиқ қидиришга мослашган.

     Каптарлар биогуруҳи. Бу экспозицияда ёввойи  тоғ каптаридан “Товус”, “Буқоқ”, “Якобин”, “Аждар” каби хонакилаштирилган  каптарлар келиб чиққанлиги ўрин олган. Тоғ каптари каптарлар туркумига киради. Ўзбекистонда тоғлик ва қоялик ерларда яшайди. Май ойида 3-4 та тухум қўяди. Тоғ каптари ҳар хил донлар ва ёввойи ўсимликларнинг уруғлари билан озиқланади.

 

Табиий танлаш. Тожли турналар. Яшаш учун кураш.

     Тожли турналар.  Тирик организмларнинг ҳаёт кечириш жараёнида табиий танлаш кузатилади. Бу ҳайвонларнинг яшаш учун курашида номаён бўлади. Уларнинг яшаш учун кураши 3 хил бўлади: турлараро кураш, тур ичидаги кураш, тирик организмларнинг анорганик табиатнинг ноқулай шароитларига қарши кураши. Бунда ҳайвонларнинг баъзи турлари шароитга мослашиб, яшаб қолади, мослаша олмаганлари қирилиб кетади. Буни тожли турна мисолида кўриш мумкин.Тожли турна турналар туркумига киради. Африка қитъасининг Судан, Сенегал, Нигерия, Уганда каби мамлакатлардаги дарё қирғоқларида, ботқоқликларда, чакалакзорларда, сийрак ўрмонларда яшайди, сувда  суза олмайди, лекин оёқлариниг узунлиги сувда яшашига мослашган. Шунингдек унинг тожи йиртқич ҳайвонлардан сақланиш учун ҳимоя ранги вазифасини ўтайди.Уясини дарё водийларидаги ерга ясайди. 2 та тухум қўяди. Тухумни босишда эркаги ҳам иштирок этади. Сувда ва қуруқликда яшовчи майда умуртқалилар, шиллиқ ҳашаротлар, чувалчанглар билан озиқланади.

 

 

Табиий танлаш. Император пингвинлари. Яшаш учун кураш.

     Тирик организмларнинг ҳаёт кечириш жараёнида табиий танлаш кузатилади. Бу ҳайвонларнинг яшаш учун курашида номаён бўлади. Уларнинг яшаш учун кураши 3 хил бўлади : турлараро кураш, тур ичидаги кураш, тирик организмларнинг анорганик табиатнинг ноқулай шароитларига қарши кураши. Бунда ҳайвонларнинг баъзи турлари шароитга мослашиб ,яшаб қолади, мослаша олмаганлари қирилиб кетади.

Ҳайвонларнинг табиатнинг ноқулай шароитига қарши кураши Император пингвинларининг ҳаёт тарзида номаён бўлади.  Император пингвинлари сувда сузувчи қушлар туркумининг пингвинсимонлар оиласига киради. Император пингвинлари совуқ ўлка — Антрактидада яшайди. Сувда сузувчи қушлар туркумига киради. Бўйи 112 сантиметр. Вазни 35-40 килограмм. Терисининг қалинлиги  60-70 градус совуққа мослашган. Пингвинлар учолмайди ва ерда ҳам яхши юролмайди. 1та тухум қўяди.

     Навбатдаги экспозицияда 1901 йилда Березовка дарёси қирғоғидан топилган мамонтнинг макети жой олган. Мамонтлар ҳозирги пайтда яшаётган филларнинг аждодлари ҳисобланади. Текширишлар натижаси мамонтлар ўтсимон ўсимликлар билан озиқланганини кўрсатди.

Қирол пингивин

Табиий танлаш. Турлараро яшаш учун кураш. Бу ерда сиз Питон илонини кўриб турибсиз. Питон ўз ўлжасидан кучлилиги унинг табиатда яшаб қолишига имкон беради. Бу йиртқич ҳайвон  ўлжасини танаси ёрдамида бўғиб, кейин уни  бутунлигича ютади ва бир ҳафта ҳазм қилади.

 

Жинсий диморфизм.

Товусни эркаги билан урғочиси бир биридан думлари билан фарқ қилади. Товуснинг узун думлиги эркаги бўлиб, урғочисини ўзига жалб қилиш учун чиройли кўринишга эга бўлади. Урғочиси эса ерда тухум босиб ётганида йиртқич ҳайвонларга ўлжа бўлмаслик учун ер рангига мослашган бўлади.

Товус. Тирик организмларнинг муҳитга мосланиши ҳар хилдир. Улардан бири ҳимоя рангидир. Кўп ҳолларда тирик организмларнинг ташқи ранги ўзи яшаётган муҳит рангига ўхшаш ёки унга яқин бўлади. Яшаш учун курашдаги бу тушунчага мисол тариқасида товусларнинг яшаш тарзини олиш мумкин.  Товуснинг узун думлиги эркаги бўлиб,  урғочисини ўзига жалб қилиш учун   чиройли кўринишга эга бўлади. Урғочиси  эса ерда тухум босиб ётганида йиртқич ҳайвонларга ўлжа бўлмаслик учун ер рангига мослашган бўлади. Товус товуқсимон қушлар туркумининг қирғовулсимонлар оиласига киради. Бу қуш Ҳиндистон ва Шри Ланкада ёввойи ҳолда тоғ ва текисликлардаги ўрмонларда ва уй қуши сифатида боғ ва хиёбонларда яшайди. Уясини ерга ясайди. 5-7 та тухум қўяди. Тухумни фақат урғочиси босади. Жўжаси тухумдан 30 кунда чиқади. Товус ҳар хил ўсимликлар, ҳашаротлар, майда сут эмизувчи ҳайвонлар билан озиқланади. Товус чиройли безакли қуш бўлганлигидан Ернинг бошқа қитъаларидаги, мамлакатлардаги,  жумладан Ўзбекистондаги боғ ва хиёбонларда ҳам уни зийнат учун асрайдилар.

Маскировка. (Ниқобланиш) Баъзан ҳайвоннинг тана шакли ва ранги атрофидаги нарсаларга ўхшаш бўлади. Мисол тариқасида қўнғизлар, тетралония асалариси, Миср сувараги, шаҳар мўйловдори каби ҳашаротларни келтириш мумкин.Тирик организмларнинг муҳитга мосланиши ҳар хилдир. Улардан бири ҳимоя рангидир. Кўп ҳолларда тирик организмларнинг ташқи ранги ўзи яшаётган муҳит рангига ўхшаш ёки унга яқин бўлади. Орнитоптера капалагининг эркаги ва урғочисининг рангига эътибор қаратиш  керак.  Баъзан ҳайвоннинг тана шакли ва ранги атрофидаги нарсаларга ўхшаш бўлади

     Одам эмбрионининг ривожланиши:            6 ҳафтада эмбрион тухумидан пушт ва унинг пардаси ривожланиб, эмбрион шакллана бошлайди. 8 ҳафтада эмбрионнинг бўйи 3,5 см вазни 4 гр. бўлиб, барча аъзоларнинг белгилари пайдо бўлади. Эмбрионда бурун деярли шаклланган бўлади. Эмбрион турли атрофидаги таъсирларга нисбатан сезгирлиги пасаяди. 10 ҳафтада унинг бўйи 8-9 см, вазни 40 гр гача бўлиб, боши катталашади, қўл ва оёқ ҳаракатлари суст бўлади. 16 ҳафтада эмбрионнинг бўйи 16 см, вазни 120 гр.гача етади. Қўл ва оёқ ҳаракатлари фаоллашади. Жинси аниқ бўлади. 23 ҳафтада бўйи 25 смга, вазни 600-700 гр.га етади. 34 ҳафтада эмбрионнинг бўйи 40 смга вазни 1500-1600 гр.га етади.

Турли синфга тааллуқли эмбиронларнинг маълум даврдаги  тараққиётининг солиштирма жадвали.

  Эмрионал ривожланишдаги ўзаро ўхшашлик, айниқса бир тип ёки синфга мансуб ҳайвонларни ўзаро таққослаганда кўзга яққол ташланади. Масалан, умуртқали ҳайвонлар синфи: балиқлар, сувда ва қуркқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар, қушлар, сут эмизувчилар эмбрионал ривожланишининг бошланғич даврларида бир бирига жуда ўхшаш, бош, тана дум, томоқ ёнида жабра ёриқлари бўлади. Эмбрион ривожланган сари турли синфга кирувчи ҳайвонлар орасидаги ўхшашлик камая боради. Уларда шу ҳайвон синфи, туркуми, оиласи, авлоди ва турига хос белгилар пайдо бўла бошлайди. Эмбрионал ривожланишда белгиларнинг умумийликдан хусусийликка томон ажралиш рўй беради.

 

Наслнинг молекуляр асослари.

Ўзбекистон сержун эчкиси Бир хил толалардан иборат ярим майин жун берадиган ушбу эчки зоти 1937-62 йилларда маҳаллий дағал жунли эчкиларни ангор зотли такалари билан такрорий чатиштириш усули орқали яратилган. Тана тузилиши чоғроқ. Такалари ўртача 55-56 кг, эчкилари 38-40 кг. келади. Қирқиб олинадиган жун чиқими такаларидан  4-4,5кг, эчкиларидан 1,2-2кг. 4-5 ойда эчкилари 120л. сут беради. Жуни ангор типида майин, оқ, товланувчан, узунлиги 18-22см. Тоза жун чиқими 75-80%. Сержун эчки зоти баланд тоғ ва дашт яйловларида йил давомида боқишга мослашган. Уни такомиллаштириш бўйича наслчилик ишлари давом эттирилмоқда. Бу эчки зотидан маҳаллий дағал жунли эчкиларининг жун сифатини яхшилашда фойдаланилади. Ўзбекистоннинг Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида боқилади.

Ўзбекистон сертивит эчкиси Ўзбекистон чорвачилик институтида сертивит эчки зотлари яратилди. Улардан 0,2-0,5кг дан 2кг. гача тивит олинади. Тивит эчкиларнинг жунини қирқиш (йилига 2 марта), тараш ёки туллаш   пайтида сидириш йўли билан олинади. Тивитдан рўмоллар, шарфлар тўқилади.

     Шимпанзе Шарқий Экваториал Африкада-намлик кўп бўлган тропик ўрмонларда яшайди. Ерда, дарахтларда юради. Пода бўлиб (50 дан ортиқ гуруҳ) яшайди. 3-4 йилда 1 та туғади. 50-60 йил яшайди. Вояга етган шимпанзелар мевалар, ёнғоқлар, дарахт барглари билан озиқланади. Вояга етган эркаклари эса қушлар, шунингдек мартишка ва павиан каби  маймунларнинг подасидан ажралиб қолган болаларини ов қилади. Шимпанзедан лаборатория шароитида фойдаланилади.

     Мутация. Бир кўзли қўзичоқ, икки бошли қўзичоқ , икки бошли бузоқ, қулоқсиз туғилган қўзичоқ. Мутация, ирсиятнинг моддий асоси бўлган генлар ва хромосомаларнинг ўзгариши оқибатида пайдо бўлади. Мутация ота-она организмида учрамаган янги, турғун ирсийланувчи ўзгаришдир.

     Ҳужайранинг тузилиши. Навбатдаги экспозиция ҳужайранинг тузилиши ҳақида маълумот беради. Ҳужайра қобиқ, цитоплазма, ядро ва ядрочалардан тузилган. Цитоплазма ичида ҳужайранинг органоидлари жойлашган. Уларнинг энг муҳимлари митохондрия ва рибосомалардир. Ҳужайранинг барча таркибий қисмлари турли биохимик функцияларни бажаради: оқсил, фермент, нуклеин кислота, ёғлар ва углеводларни синтез қилади.

     Ҳужайра  бўлиниши.

Ҳужайра икки хил йўл билан кўпаяди: жинссиз ва жинсий. 1.Митоз (жинссиз кўпайиш) она ҳужайранинг иккига бўлиниши бўлиб, ҳосил бўлган қиз ҳужайралар, она ҳужайрага ўхшаган хромосомалар тўпламига эга бўлади. 2. Мейоз (жинсий кўпайиш) жинсий ҳужайранинг етилиш пайтида ҳужайранинг бўлиниш тури бўлиб, хромосомалар миқдори икки марта камаяди.

ДНК тузилмаси тармоғи.

     ХХ аср ўрталарида тирик ҳужайрадаги кимёвий жараёнларни ўрганиш натижасида ота – онанинг хусусиятларини болаларига ўтказадиган модда ДНК (дезоксирибонуклеин кислота) эканлиги аниқланди. ДНК молекуласи спиралсимон иккита поленуклеотид ипларидан иборат.

     ДНК Редупликация схемаси.

     ДНК молекуласини 2 марта кўпайтириш имконияти она хужайрадаги наслий хусусиятларни қизлик хужайрага бир хил  ва баравар тақсимланишини таъминлайди.

Экспозицияда Уотсон ва Крик томонидан тавсия этилган ДНК тузилиши жой олган.

 

     Нуклеотидларнинг тузилиши схемаси:

Ҳар бир нуклеотид азотли асос (аденин ёки гуанин ёки цитозин ёки тимин), дизоксирибоза, фосфат кислотадан ташкил топган.  

     Занжирли ирсийланиш. Гомологик хромосома билан бир жуфтда жойлашган генлар занжир гуруҳини ҳосил қилиб, биргаликда ирсийланади

     Энергетик алмашинув. АТФ- ўсимлик ва ҳайвон ҳужайраси учун универсал энергия манбаи ҳисобланиб, ҳужайра бу энергиядан ўз ҳаётий фаолиятидаги муҳим жараёнлар, ҳаракат, оқсил синтези кўпайиш ва ҳакозоларни таъминлашда фойдаланади.

Жинсий хромосомалар. Хромосоманинг сони ва уларнинг ўзига хослиги ҳамма ҳужайраларда сақланади ва ҳар бир тур учун ўзига хос.

     Оқсил биосинтези. Ҳужайрада тўхтовсиз кечадиган оқсил синтези унда ҳаёт ҳар дақиқа сарф бўлиб турадиган, емириладиган минглаб оқсил молекулалариниг ҳар бирини керакли миқдорда ва тегишли суръатда етказиб бериб туради. Бундай мураккаб ва нозик бошқарилиб турадиган механизм ҳар дақиқа минглаб хилма-хил структура оқсилларни, ферментларни синтезлашини таъминлайди. Бу ишни бажарилишида хатоларга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳужайрада бу жараён жуда аниқ ва катта суръатда ўтиб туради. Рибосомаларда ўтадиган бевосита оқсил синтези реакциялардан илгари аминокислота пептид боғи ҳосил қилиб боғланиши учун энергия олиши, яъни фаоллашиши ва фаоллаган аминокислота ўзининг РНКси билан  боғланиши керак. 

     Оралиқ доминантлаш. Оралиқ доминантланишда ота-она белгилари гетерезиготада номоён бўлади.

      Ген ва генотиплар ҳаракатланишининг номоён бўлиши атрофмуҳитга боғлиқ. Ўсимликларни  текисликлардан тоғларга кўчирилиши уларнинг фенотипини ўзгартиради.Муҳит таъсирига генотипнинг реакцияси-реакция нормасидир. Қизил наврўзгул ҳар 30-35 градусда оқ рангга айланади. Оқ наврўзгул турли ҳароратли шароитларда оқ ранглилигича қолади.             

Жинсий хромосомалар. Хромосома ядронинг асосий тузилмавий бирлиги бўлиб, ҳужайрада модда алмашинуви жараёнида фаол иштирок этади ва белгиларни авлодларга ўтказишда қатнашади. Хромосоманинг сони ва уларнинг ўзига хослиги ҳамма ҳужайраларда сақланади ва ҳар бир тур учун ўзига хос.

     Одамда Менделча ажратишнинг исботи. Иккита меъёрдаги пигментлашган ҳиндулардан   альбинос бола туғилган. Менделнинг 3 қонуни: белгиларнинг мустақил ҳолда ирсийланиш қонуни дейилади. Организмларнинг бир жуфт белгилари унинг бошқа жуфт белгиларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ирсийланади ва хилма хиллик бериб ажралади. Буни нўхат уруғларининг шакларида кўриш мумкин.

     Жуфтлашган гомологик хромосомаларнинг монодурагай чатиштиришда ҳаракатланиш схемаси. Мендел нўхат гулининг қизил ва оқ навларини чатиштириб, биринчи авлод дурагай ўсимликларини олди, уларнинг ҳаммасида қизил ранг белгиси устунлик қилди. Бундай белги доминант белги дейилади. Гулнинг оқ ранг белгиси эса бутунлай ривожланмади.Бу жараён Менделнинг биринчи қонуни биринчи  авлод дурагай организмларнинг бир хиллиги ёки доминантлик қонуни дейилади. Биринчи авлод ўсимликлари ўз ўзидан чатиштирилиб олинган иккинчи авлод дурагай ўсимликларини таҳлил  қилиш натижасида, уларда гул ранги бўйича хилма хиллик ҳодисаси борлиги аниқланди.Уларнинг орасида қизил гулли ўсимликлардан ташқари оқ гулли ўсимликлар ҳам пайдо бўлди.Уларнинг миқдорий нисбати 3:1 ҳолатда бўлди. Бу Менделнинг учинчи қонуни ёки белгиларнинг иккинчи авлодда ажралиш қонуни дейилади.

Селекцияда комбинатив ўзгаришни дурагайлаш ва сунъий танлаш орқали тадбиқ этиш йўлга қўйилди. Дурагайлаш вақтида белгиларнинг комбинацияси пахталар навини, олманинг “Орлеан  ренети” билан “Хитойи” навини чатишуви пайтида номоён бўлади.

     Ташқи муҳит шароитини ўзгартириб доминантлик билан бошқариш. Ташқи муҳит шароитини ўзгартириб доминантлик билан бошқариш мумкинлигини Мичурин тажрибасида аниқлади. “Қандил- Китайка” дурагай олма кўчати уруғлари маҳаллий нав “Китайка”нинг ривожланиши учун қулай бўлган кам ҳосил берадиган жойларга экилди. Қандил-Синап маданий нави белгиларининг ривожланишига қулай имконият яратилиб, дурагайнинг ҳосил бериши пайтида шароит яхшиланди. Гибрид ҳаётининг турли вақтларидаги белгиларнинг  ривожланишига ташқи муҳит шароити таъсири йўналтирилди. Мичурин зарур бўлган белгиларнинг доминантлигига эришди.

     Моносомия. Агар организмнинг генотипида битта хромосома йўқолган бўлса, буни моносомия дейилади. Одамда моносомиянинг йўқолиши (46 хромосоманинг ўрнига 45 қолганда) Шершевский Тернер касаллигига олиб келади. 45 хромосомага эга бўлган аёл паст бўйли, жинсий заиф бўлиб териси буришиб қолган.

     Трисомия. Ҳужайра бўлинаётган вақтда 21 жуфт гомологик хромосоманинг биттага ошиб кетиши трисомия дейилади.   Бунинг натижасида бетоб кишининг диплоид ҳолатдаги хромосомалар сони одатдагидек 46 та эмас, балки 47 бўлади. Даун касаллиги ривожланади. Расмдаги болада ақли пастлик аломатлари сезилади.

Комплиментарлик. Белги фақат иккита маълум бўлмаган генларнинг иштирок этишидагина ривожланади.

Эпистаз. Бир доминант ген бошқасининг ҳаракатини, аллеломорф бўлмаган  доминант генларнинг  ҳаракатини чеклайди. Аллеломорф бўлмаган генларнинг ўзаро бир бирига таъсири натижасида товуқлар ранги ирсийланади.

     Полимерия. Битта белги бир неча аллеломорф бўлмаган генларнинг таъсирида шаклланади.Полимерияда авлодларда янги белги пайдо бўлмайди, балки ота-она организмларнинг баъзи белгилари ривожланади.

     Плейотропия. Генларнинг кўп томонлама таъсирида бир неча белгиларнинг ирсийланиши плейотропия дейилади.

     Селекцияда гетерозисдан фойдаланиш. Гибридларнинг юқори қувватли ва унумлилиги. Ўз ўзини чанглаштириш линиясини яратиш методи ва кейинчалик линияли гибридларнинг олиниши ишлаб чиқилди. Цитоплазматик уруғлантирувчи стериллашдан фойдаланиб, жўхорининг иккиталик гибридларини олиш схемада кўрсатилган.

     Ғўза чигитининг шохланиш ва қилланиш турлари ирсийланиши. Г. Мендел аллелморф генлари орасида ўзаро алоқани аниқлади-тола ва тола бўлмаган устунлик -доминантлик.

Ғўза шаклининг турлитуманлиги. Миср, Америка пахталари ранги, шакли билан бир биридан фарқланади. .

     Ғўзанинг ёввойи навлари. Шимолий Американинг “Gossypum harknessii” нави, Жанубий Американинг “Gossypym barbadense” нави, Африка Осиё минтақасининг “Gossypum stocrsii” нави, Австралиянинг “Gossypum bickii” нави экспозициядан ўрин олган.

     Ғўзанинг “Тошкент2” нави. Академик С.Мираҳмедов Мексикадан  келтирилган вилт касалига чидамли Госсипиум хиртузум турига кирувчи мексиканум ёввойи ғўзаси билан Ўзбекистонда экиладиган тезпишар, серҳосил, лекин вилт касалига чидамсиз С-4727 ғўза навини ўзаро дурагайлаш усули билан вилт касалига чидамли , серҳосил “Тошкент -2” деб номланган янги ғўза навини яратди.

     Мичуриннинг ширин терн нави. Машҳур олим И. В. Мичурин мевали ўсимликларнинг жуғрофий ва генетик узоқ формаларини дурагайлаш усулларини қўллаб, янги серҳосил, меваси мазали, ноқулай иқлим шароитига мослашган олхўри навини яратди. И.В.Мичурин олхўрининг ёввойи терн ва яшил “Ренколд” навлари дурагайлади. Натижада олхўрининг “Ширин терн“ навини яратди.

     Ўзбек бронза зотли курка яратиш. Куркаларнинг маҳаллий ва Шимолий Кавказ зотлари дурагайланди . Олинган дурагай зотга курканинг кенг кўкракли бронза тури дурагайланиб, ўзбек бронза зотли курка яратилди. Натижада тухум етиштириш 60 тага етди.

Буғдой ва буғдойиқ  чатишуви. Олимлар дони юқори сифатли ва ҳосилдор бўлган юмшоқ буғдой  нави кўп йиллик ёввойи бегона ўт бўлган буғдойиқ билан чатиштириб, озуқа дони кўп йиллик буғдой -буғдойиқ навини яратдилар.

     Ипак қурти пилласининг турли туманлиги. Ипак қурти пилласининг Европада “Слоним”, “Аскали”,Япониянинг “Матамукаш”, Кавказнинг “Кахетин”, Ўрта Осиёнинг “Боғдод”, Россиянинг “RS 1”, Хитойнинг “Улун” каби навлари бор.

     Навни яратишда дурагай ва линияли қушлардан фойдаланиш. Леггорн зотли хўроз ва товуқларни дурагайлаш натижасида уларнинг жинсий етилиш даври ўзгаради. Тухум қўйиши кўпаяди.

     Чорвачиликда гетерозисдан фойдаланиш. Ипак қуртининг “Орзу” ва САНИИШ 30” навлари дурагайланиб, сифатли,ипак толасининг узунлиги олдинги навларига нисбатан узунроқ  “Орзу САНИИШ 30” нави яратилди.

     Транслокация— хромосомалар айрим жойлариниг бир хромосомадан бошқасига ўтишидир.

     Полиплоидия. Хромосома мутациялариниг бир тури полиплоидия бўлиб, юқорида айтилганидек  у организмларнинг одатдаги хромосомалари умумий сонининг  карра кўпайиши оқибатида пайдо бўлади. Полиплоидиянинг келиб чиқиши ҳужайраларнинг митоз ва мейоз бўлинишидаги ўзгаришлар билан боғлиқ, бунда ҳужайрадаги хромосомалар сони икки марта ортади.

     Экстримал полиплодия. Ўсимликлардаги хромосомалар сонини карра ортириш полиплоидия дейилади. Петкус жавдарининг сони колхисин моддаси ёрдамида оширилди. Буғдойнинг Triticum навида ҳам шундай тажриба ўтказилди.