3-зал. Тоғ ўрмонли ёнғоқзор ҳамда тоғ ён бағирларида учрайдиган ҳайвонлар

Тоғ ўрмонли ландшафт баргли ўрмонлар Ўзбекистон тизма тоғларининг ўрта минтақасида денгиз сатҳидан 800-1900 метр баландда алоҳида ерлар сифатида тарқалган.

Бу ўрмонлар учламчи ўсимликларнинг реликтидир: улар тоғларнинг шимолий ён бағирларида шунингдек, шимол томондан ҳимоя қилинган ва жануб ёки жанубий ғарбий томонига очиқ бўлган дарё ўзанлари, ҳамда дараларида жойлашган. Бу шарт-шароитлар умумий ҳарорат режимига ва ёғингарчилик билан таъминланишига ижобий таъсир кўрсатади. Ёғингарчилик бир йилда 900 дан то 1200 мм гача бўлади. Максимум ҳарорат +32 даражада ва минимум -20.7 даража бўлганда ўртача йиллик ҳарорат  +8-13 даража бўлади.

Тўнғиз жуфттуёқлилар оиласига киради. Ўзбекистонда барча тоғ ва тоғ олди ҳудудидаги водийларда, йирик дарё бўйларида, сув ҳавзаларида, ботқоқликларда яшайди. Йирик тўнғизларнинг узунлиги 2 м, оғирлиги 300 кг гача боради. Кечқурун ва шомда фаол ҳаёт кечиради. Эркаклари гуруҳ бўлиб яшайди. Урғочилари якка ҳолда яшайди. Апрел ойида 4-6 та, гоҳида 12 тагача туғади. Илдизлар, ўсимликлар туганаклари, ёнғоқ, тўкилиб қолган резавор мевалар, умурқасизлар билан озиқланади.

Тўнғиз боласи онаси уни турли ўсимликлар орасида ажратиб олиш учун йўл-йўл бўлади. У тўхтовсиз хур-хурлаб юради, ҳавф сезганда эса қаттиқ чийиллайди ва ота-она тўнғизлар уни ҳимоя қилиш учун ташланадилар. Тўнғиз боласи тез катта бўлади ва ёз охирида оғирлиги деярли 20 килограммга етади.

Бўри бўрисимонлар оиласига киради. У тоғ ўрмонли ёнғоқзорларда яшайди. Бўри ўз ўлжасини изи орқали топиб, уни узоқ таъқиб қилади. Чаққон ва кучли бўлганлиги учун ўзидан йирикроқ ҳайвонларга гала-гала бўлиб ҳужум қила олади. Оқшом тушганда ва кечаси овга чиқади. 5-6 та гоҳида 12 тагача туғади. Туёқли сутэмизувчилар, майда йиртқичлар, қуёнлар, суғурлар каби  кемирувчилар,  ёввойи мевалар, ўлаксалар билан озиқланади.

Якантовуқ балчиқчилар туркумига киради. Европа ва Осиёнинг ўрта иқлимли ерларида яшайди. Қалин ўрмонларда тарқалган. Қишлаш учун кузда Африка, Арабистон, Ҳиндистонга учиб кетади. Ўзбекистонда баҳорда ин соладиган ерларига ва кузда қишлайдиган ерларига учиб кетаётганда учрайди ва баъзан қишлаб ҳам қолади. Инини қалин ўрмонларга ерга ясайди. 4 та тухум қўяди. Чувалчанглар, ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади.

Бу ландшафтда яшовчи кўпчилик ҳашаротларнинг асосий озуқа базасини дарахтсимон ўсимликлар ташкил этади. Шу сабабли энтомолгия коллекцияларидан капалак ва чигиртка наъмуналари намойишга қўйилган.

Кичик турна турналар туркумига киради. Ўзбекистонда Орол денгизи қирғоқларида, Сирдарё водийларида, чала саҳроларда, чўлларда яшайди. Уясини қуруқ ерларга, лекин дарё, кўл, ботқоқлик каби сув яқин бўлган жойларга ясайди. 1-3 та тухум қўяди. Кичик турна ўсимликлар, ҳашаротлар билан озиқланади.

Кулранг қарқара лайлаксимонлар туркумининг қарқаралар оиласига киради. Дарё, кўлларнинг саёз қирғоқларидаги қамиш ва бута ўсимликлари орасида яшайди, овқат қидириб сувдан очиқ ерларга, чўлларга ҳам учиб боради. Уясини қамишлар орасига ва дарахтларга, баъзан гала бўлиб ясайди қуради.  Қишлаш учун Каспий денгизининг жанубий қирғоқларига, Ҳиндистон ва Африкага учиб кетади. Баъзилари Оҳангарон ва Чирчиқ водийларида қишлаб қолади. 4-5 та тухум қўяди. Балиқ, бақа, калтакесак, илон, кемирувчилар ва ҳашаротлар билан озиқланади. Кулранг қарқара балиқчилик хўжалигига зарар етказади. Урчиш пайтдаги патлари нозик кўринишда бўлганлиги сабабли  безак сифатида фойдаланилгани учун камайиб кетган.

Итолғи лочини йиртқич қушлар туркумининг лочинсимонлар оиласига киради. Ўзбекистонда тоғ этакларида, чўл ва саҳролар, дарё бўйларидаги текисликларда яшайди. У кам учрайди. Уясини дарахтларга, тоғлардаги қояларга, саҳроларда баланд жарлик ерларга ясайди. Март ойи ўрталарида 3-4 та тухум қўяди. Итолғи лочини кемирувчилар кам бўлган жойларда асосан қушлар билан озиқланади. У қушларни учиб юрганда тутади. Кемирувчилар билан  ҳам озиқланиб, фойда ҳам етказади.

Қорабузов учиб ўтувчи қуш. Орол денгизи, Амударё, Зарафшон, Қашқадарё ҳавзалари ва бошқа сув ҳавзалари атрофида учрайди.

Бўрсиқ-йиртқич хайвонлар туркумининг сувсарсимонлар оиласига киради. Ўрмон ҳудудларидаги сувга яқин ерларда учрайди.

Тўқай ландшафти.

Турон йўлбарси мушуксимонлар оиласининг йўқ бўлиб кетган кенжа турига киради. Тарқалиши ва сони. Ўзбекистонда Сирдарё ва Амударё ҳавзаларининг қайир қамишзорларида, тўқайзорларида яшаган. Сирдарё ҳавзасида 1940 йилда йўқ бўлиб кетган , Амударё делтасида охирги марта  1957 йилда  учраган. 1950- йилларнинг охирида Амударё қайирларида (Сурхондарё вил.) ҳам йўқ бўлиб кетган. Ўзбекистондан ташқарида ўтмишда Қозоғистон, Тожикистон Туркманистон, Олтой, Кавказорти, Хитой (Синжон), Ироқ, Эрон, Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон, Непал, Жануби-шарқий Осиё, Узоқ Шарқда учраган. 1950 йилда кенжа турнинг дунёдаги тарқалиши 50-80 тани ташкил этарди. Оқшомда фаол ҳаёт кечиради, кундузи бутазорлар орасида яширинади. Ҳар 1-2,5 йилда май–июн ойларида 2-4 та туғади. Тўнғиз, бухоро буғиси, жайрон каби ёввойи туёқлилар билан озиқланади. Умрининг узунлиги 26 ёшгача. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.

Зарафшон қирғовули товуқсимонлар туркумининг қирғовуллар оиласига кирад. Заифга яқин, ўтроқ зарафшон кенжа турига киради.  Зарафшон дарёси воҳаси, ўтмишда Қашқадарё воҳасида учраган. Ўзбекистондан ташқарида: Европа, Тожикистонда учрайди. Тўқайзорлар, қирғоқ қамишзорлари; суғориладиган ерларда (кўчиш) яшайди. 1967-70 йилларда кескин қисқариб, ареали жанубида умуман йўқ бўлиб кетган. Ҳозирда сони барқарорлашган бўлсада, бироқ муҳофаза чораларига боғлиқ. Кўп модали. Инини ерга қуради. Март-июл ойларида 4-16 та тухум қўяди. Ҳашаротлар, чаканда мевалари ва ўтларнинг уруғлари билан озиқланади. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.

Жингалак сақоқуш сақоқушсимонлар туркумининг сақоқушлар оиласига киради. Амударё ва Зарафшонннинг  қуйи оқимларида, Сирдарёнинг ўрта оқимида уялайди. Ўзбекистоннинг марказий ва жанубий қисмларида учиб ўтади ва қишлайди. Ўзбекистондан ташқарида Ўрта Осиёнинг бошқа мамлакатлари, Қозоғистон, Шарқий Европанинг жанубида уялайди, Ғарбий Осиё, Ҳиндистонда қишлайди. Йирик текислик сув  ҳавзаларидаги қамишли тўқайларда яшайди ва гала-гала бўлиб уялайди. Апрел-май ойларида 2-3 та тухум қўяди. Балиқлар билан озиқланади. 1960 йилларда Жанубий Оролбўйида учраши одатий эди, ҳозирда кўпгина яшаш жойларида йўқ бўлиб кетган. Шунингдек, Орол денгизи ҳавзасида сув режимининг ўзгариши, браконерлик натижасида камайиб кетган. 250 жуфтигача уялайди, бир неча ўнтаси қишлайди, учиб ўтишда мингтагача бўлади. Баҳорги учиб ўтиши март-апрел ойларида, кузги учиб ўтиши сентябр-ноябр ойларида, қишлаши ноябр-февралгача кузатилади. Овлаш тақиқланган. Буюртмахоналарда уялашда (Судочие кўли), кўчиш, учиб ўтиш ва қишлашда (Тузкон, Қорақир, Денгизкўл кўли) муҳофаза қилинади. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.

Ўзбекистон сертивит эчкиси. Ўзбекистон чорвачилик институтида сертивит эчки зотлари яратилди. Улардан 0,2-0,5 кг дан 2кг. гача тивит олинади. Тивит эчкиларнинг жунини қирқиш (йилига 2 марта), тараш ёки туллаш пайтида сидириш йўли билан олинади. Тивитдан рўмоллар, шарфлар тўқилади.

Қизилбош ўрдак ўрдаклар кенжа оиласининг шўнғувчилар уруғига киради. Ўзбекистонда баҳор ва кузда учиб кетаётганда кўп учрайди, бу ерда ин ҳам қуради. У қирғоқлари қамишзорлар билан қопланган чуқур ва очиқ катта кўлларда ва тоғ кўлларида яшайди. Инини қуруқ қамишзор устига, ўтлар орасига ясайди. 7-9 та тухум қўяди. Сув ўсимликларининг барглари ва уруғлари, моллюскалар, итбалиқ ва майда балиқлар билан озиқланади.

Пунгқуш япалоққушлар туркумининг асл япалоққушлар туркумига киради. Ўзбекистонда  баргли ўрмонларда яшайди, қаттиқ совуқ бўлганда қисман шаҳар ва қишлоқларга ҳам учуб боради. Инини дарахт кавакларига, ҳакка, қарға каби қушларнинг инларига қуради. 3-4 та тухум қўяди. Пунгқуш тунги қушдир. Майда зарарли кемирувчилар билан озиқланади.  

Кўлбуқа узун оёқли қушлар туркумининг қарғалар оиласига киради. Ўзбекистонда қамиш ва бошқа бута ўсимликлар ўсган сув ҳавзаларида яшайди. Уясини қамишлар орасига ясайди. Тунда фаол ҳаёт кечиради. 3- 4 та тухум қўяди. Балиқ, бақа, ўсимликлар билан озиқланади. Балиқ хўжалигига зарар етказади.

Кўк қарқара лайлаксимонлар туркумининг қарқаралар оиласига киради. Дарё, кўлларнинг саёз қирғоқларидаги қамиш ва бута ўсимликлари орасида яшайди, овқат қидириб сувдан очиқ ерларга, чўлларга ҳам учиб боради. Уясини қамишлар орасига ва дарахтларга, баъзан гала бўлиб қуради.  Қишлаш учун Каспий денгизининг жанубий қирғоқларига, Ҳиндистон ва Африкага учиб кетади. Баъзилари Оҳангарон ва Чирчиқ водийларида қишлаб қолади. 4-5 та тухум қўяди. Балиқ, бақа, калтакесак, илон, кемирувчилар ва ҳашаротлар билан озиқланади. Кўк қарқара балиқ хўжалигига зарар етказади. Урчиш пайтдаги патлари нозик кўринишда бўлганлиги сабабли  безак сифатида фойдаланилгани учун камайиб кетган.

Қўнғир ўрдак ғозсимонлар туркумининг ўрдаклар кенжа оиласига киради. Ўзбекистонда сув ўсимликлари кўп бўлган кўлларнинг оҳиста оқадиган ҳавзаларида яшайди. Ўзбекистонда қиш юмшоқ келган йилларида қишлаб ҳам қолади. Уясини сувдан узоқ бўлган қуруқ ерларга ясайди. 9-12 та тухум қўяди. Сув ўсимликлари, умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади.

Ёввойи ўрдак ғозсимонлар туркумининг ўрдаклар кенжа оиласига оиласига киради. Ўзбекистонда ҳар хил типдаги сув ҳавзаларида яшайди ва қишлаб қолади. Қаттиқ совуқ бўлганда АФрика ҳудудига учиб кетади. Инини сувга яқин ерларга, дарахт ва бута ўсимликлар остига ясайди. 9-12 та тухум қўяди. У сувнинг саёз ерларида юриб, ҳар хил ўсимликлар, асосан сув ўсимликлари, қисман майда умуртқасизлар билан озиқланади. Уй ўрдаклари мана шу ёввойи ўрдакдан келиб чиққан.

Тўқай мушуги кўл ва дарё қирғоқларидаги қалин ўсган қамишзор ва қиёқзорларда яшайди. Очиқ жойларга умуман чиқмайди. Инини қалин ўсимликлар орасига ясайди ёки бўрсиқ, жайра ва бошқа ҳайвонларнинг инларидан фойдаланади. Май-июн ойларида 3-5 та туғади. Ов қилинадиган ҳайвонлар, жумладан, қирғовулларни қириб, жиддий зарар етказади.

Оддий балиқчи балиқчилар оиласига киради. Дарё, кўл каби чучук сув ҳавзаларида яшайди. Кўп вақтини ҳавода учиб ўтказади. Сувда яхши сузади ва шўнғийди. Ерга гала-гала бўлиб ин қуради. Балиқлар, қушлар, ҳашаротлар, чувалчанглар, моллюскалар билан озиқланади. Балиқ хўжалигига зарар етказади.

Қорабош балиқчи дарё, кўл каби чучук сув ҳавзаларида яшайди. Кўп вақтини ҳавода учиб ўтказади. Сувда яхши сузади ва шўнғийди. Ерга гала-гала бўлиб ин ясайди. 2-4 та тухум қўяди. Балиқлар, қушлар, ҳашаротлар, чувалчанглар, моллюскалар билан озиқланади.

Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ҳайвонот олами.

Қоплон мушуклар оиласига киради. Туёқлилар сонининг қисқариши, браконерлик натижаси ўлароқ бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кенжа тур ҳисобланади. Ғарбий Помир-Олой (Кўҳитанг, Боботоғ тизмаси) ҳудудида денгиз сатҳидан баландлиги 600-900 метргача бўлган камнам тоғ этакларининг сийрак пистазор ва арчазорли ҳамда тошқоялари юзага чиққан жойларида учраган. 1949-1960 йилларда Боботоғда бир неча донаси қайд этилган. 1990 йилларда Кўҳитанг тизмасида ҳам бир неча донаси учраган. Ҳозирда 10 тага яқини қолган деб тахмин қилинади. Оқшом ва тунлари фаол бўлиб, кундузи ғорлар, қоялар орасига беркиниб ётади. Март-май ойларида 2-5 та туғади. Ёввойи туёқлилар, баъзан кемирувчилар ва қушлар билан озиқланади. Умрининг узунлиги 15 ёшгача. Овлаш тақиқланган, сурхон қўриқхонасида муҳофаза остига олинган. Ўзбекистон Республикасининг  “Қизил китоби”га киритилган.

Гепард мушуклар оиласига киради. Ўзбекистонда 1960 йилларгача тутқинликда сақлаш учун овлаш, онгли равишда қириб юбориш, кейинчалик қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, озуқа манбаларининг камайиши натижасида йўқ бўлиб кетган. Ўтмишда Қизилқум, Устюрт чўлларининг  текислик қисмидаги баланд-паст ва қумлоқ ёки қум тупроқли жойларида яшаган. Қизилқумда ХIХ асрда йўқ бўлиб кетган, Устюртда 1960-70 йилларда 13 таси қайд этилган, 1973 йилдан кейин умуман учрамаган. Асосан кундузи, баъзан ойдин кечалари ҳам фаол ҳаёт кечиради. Апрел-май ойида 2-4 та туғади. Кўпайиш давридан сўнг кўчиб юради. Жайронлар, баъзан қуёнлар, кемирувчилар, қушлар билан озиқланади. 14 ёшгача яшайди. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби” га киритилган.

Сиртлон (дўлта) сиртлонлар оиласига киради. 1960 йилларгача онгли равишда қирилиши, кейинчалик қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тўқайзорларнинг йўқ қилиниши озуқа манбаларининг камайиши натижасида бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кенжа тур. Ўзбекистонда Кўҳитанг тизмасида, ўтмишда Амударё қайирларининг юқори қисми, Шерободдарёнинг қуйи оқимида мавжуд. Тоғ этакларининг денгиз сатҳидан баландлиги 300-1200 метрдан ошмайдиган чўллашган, сийрак дарахт-бутасимон ўсимликлар билан қопланган адирликлар, қуриб қолган ўзанлар, қирғоқбўйи тўқайзорларида яшайди. Доимо кам бўлган. 1980-90 йилларда 10 тачаси ҳисобга олинар эди. Одатда тунлари фаол, кундузи ини, ғор ва чуқурликларга беркиниб ётади. Май ойида 3-5 та туғади. Кўпайиш давридан сўнг кўчиб юради. Ўлакса, кемирувчилар, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар, сернам мевалар билан озиқланади.

Оқ бошли қумой қарчиғайлар оиласига киради. Ўзбекистонда Ғарбий Тиёншон, Ғарбий Помир-Олой тоғларнинг этак ва денгиз сатҳидан баландлиги 700-2500 метр бўлган ўрта қисмларида уялайди. Шунингдек, тоғ ва текисликлар, жумладан ҳайдаладиган ерларда учрайди. 1980 йилларда тахминан 140 жуфти қайд этилган. Жами полапонлари билан бир неча юзтагача учраган. Ёввойи туёқлилар сонининг камайиб кетиши, браконерлик натижасида сони  камайган. Тик қояларда гуруҳ ёки гала-гала бўлиб ин қуради. Феврал-март ойларида 1 та тухум қўяди. Номунтазам кўчиб туради. Туёқлилар ўлаксаси билан озиқланади. Овлаш тақиқланган. Тоғ қўриқхоналарида ва миллий боғларда муҳофаза остига олинган. Ўзбекистон Республикасининг  “Қизил китоби”га киритилган.

Бўз эчкемар судралиб юрувчилар синфининг эчкемарлар оиласига киради. Қисқариб бораётган кенжа тур ҳисобланади. Ўзбекистонда Жанубий Оролбўйидан Фарғона водийсигача бўлган чўлларнинг қумли ва тупроқли ерлари, текислик ва тоғларнинг пастки-денгиз сатҳидан  1000 метргача бўлган қисмларидаги дарё воҳаларида яшайди. 1970 йилларда маҳаллий популяцияларда ҳар гектарига 3-6 таси ҳисобга олинар эди. 1990 йилларнинг бошларида уларнинг умумий сони 45 мингга, алоҳида Фарғона популяциясида эса 200 га яқин бўлган. Ҳозирда чўл зоналарида қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, айниқса шудгорлаш ва суғориш, инсон томонидан таъқиб қилиниши, йўлларда автотранспорт ҳаракатидан нобуд бўлиши натижасида аксарият яшаш жойларида йўқ бўлиб кетган, қолганларида эса жуда кам сонда учрайди. Апрел-октябр ойларида фаол ҳаёт кечиради. Катта қумсичқон ва тулкилар ташлаб кетган инларда беркинади ва ўша ерда қишлайди ҳам. Июн-июл ойларида 6-20 та тухум қўяди. Ҳашаротлар, судралиб юрувчилар, қушлар ва уларнинг тухумлари, майда сутэмизувчилар билан озиқланади. Овлаш тақиқланган. Қизилқум қўриқхонасида ва “Жайрон” экомарказида муҳофаза остига олинган. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.