6-зал. “Эртаклар оламига саёхат”

Бугунги кунда юртимизда ёш авлодни баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан Ўзбекистон Давлат табиат музейида ҳам эзгулик ва яхшиликни тарғиб қилиш, тарбиявий жихатдан мухим ахамиятга эга бўлган ҳалқ эртакларининг умуминсоний ва миллий қадриятларини кенг жамоатчиликка ва ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқурроқ сингдириш мақсадида янги “Эртаклар оламига саёхат” мавзусидаги экспозицион зал режалаштирилган реэкспозиция жараёнида 2019 йилда яратилди.

Биринчи бўлиб, залда бўғирсоқ ҳақида эртагидаги чол ҳамда кампирнинг уйи ясалган ва расмлари тасвирланган.

Ушбу эртак қуйидагича эди:

Қадим ўтган замонда чол билан кампир яшаган экан. Бир куни чол кампирига қараб:

– Менга бўғирсоқ пишириб бер, – дебди.

– Унимиз йўқ-ку. Бўғирсоқни нимадан пишириб бераман? – дебди кампир.

– Супрани қоқиб-сидирсанг, бўғирсоққа етадиган ун йиғилиб қолади дебди кампирига чол. Кампир супрани қоқиб-сидириб бўғирсоққа етадиган ун йиғиб олибди. Кампир унни қаймоққа қорибди, зувала ясаб бўғирсоқ қилибди ва печга жойлабди. Бўғирсоқ қизариб ,чиройли бўлиб пишибди. Кампир уни печдан олиб, совитиш учун дераза олдига қўйибди. Ётавериб-ётавериб зериккан бўғирсоқ аста думалаб деразадан сўрига, сўридан ерга тушиб, эшик олдига келиб қолибди. Эшикдан даҳлизга, даҳлиздан пиллапояга, пиллапоядан ҳовлига, ҳовлидан саройга, саройдан ташқарига чиқиб йўлга равона бўлибди. Бўғирсоқ йўлда думалаб кетаётиб, бир қуённи учратиб қолибди:

– Ҳоой бўғирсоқ, бўғирсоқ! Мен сени ейман, – дебди қуён.

– Мени ема, қуёнвой, мен сенга қўшиқ айтиб бераман дебди бўғирсоқ ва қўшиқ айта бошлабди:

– “Мен бўғирсоқ, бўғирсоқ, супрадаги ун-урвоқ. Сидиришиб олдилар, қаймоққа хўп қордилар. Пишдим печда, товада, совитдилар ҳавода. Қочиб кетдим бобомдан, қочиб кетдим бувимдан. Эшит, қуён, бўлди бас, сендан қочиш ҳеч гапмас”. Бўғирсоқ қўшиғини тугатиши билан яна думалаб йўлга тушибди. Қуён эса нима бўлганини тушунолмай қолаверибди. Бўғирсоқ юмалайверибди юмалайверибди.

Бир пайт қаршисидан бўри чиқиб қолибди.

– Бўғирсоқ, бўғирсоқ, мен сени ейман, – дебди бўри.

– Мени ема, бўрижон, сенга қўшиқ айтиб бераман дебди ва қўшиғини айта бошлабди:

Мен бўғирсоқ, бўғирсоқ, супрадаги ун-урвоқ. Сидиришиб олдилар, қаймоққа хўп қордилар. Пишдим печда, товада, совитдилар ҳавода. Қочиб кетдим бобомдан, қочиб кетдим бувимдан. Қочиб кетдим қуёндан. Эшит, бўри, бўлди бас, сендан қочиш ҳеч гапмас! Бўғирсоқ думалашда давом этиб, бир паста бўридан узоқлашиб кетибди.

 Йўлида кетаётса олдидан айиқ чиқиб қолибди.– Бўғрисоқ, бўғирсоқ мен сени ейман дебди айиқ.

– Маймоқвой, мени ейишга сенга йўл бўлсин дебди бўғирсоқ ва ўз қўшиғини айта бошлабди: “Мен бўғирсоқ, бўғирсоқ, супрадаги ун-урвоқ. Сидиришиб олдилар, қаймоқ қўшиб қордилар. Пишдим печда, товада, совитдилар ҳавода. Қочиб кетдим бобомдан, қочиб кетдим бувимдан. Қочиб кетдим қуёндан, қочиб кетдим бўридан.Эшит. айиқ, бўлди бас, сендан қочиш ҳеч гапмас”. У шундай куйлаганича думалаб кетаверибди. Айиқ бўлса, оғзини очганча анқайиб қолибди.

Бўғирсоқ думалаб кетаверибди, кетаверибди, шу пайт олдидан тулки чиқиб қолибди.

– Салом, бўғирсоқ, – дебди тулки. – Намунча дум-думалоқ, қизариб пишган бўлмасанг? Шу пайтта қаёққа думалаб кетяпсан?

Бўғирсоқ тулкининг мақтовларига учиб, думалашдан тўхтабди ва қўшиқ айта бошлабди:

Мен бўғирсоқ, бўғирсоқ, супрадаги ун-урвоқ. Сидиришиб олдилар, қаймоққа хўп қордилар. Пишдим печда, товада, совитдилар ҳавода. Қочиб кетдим бобомдан, қочиб кетдим бувимдан. Қочиб кетдим қуёндан, қочиб кетдим бўридан. Қочиб кетдим айиқдан. Эшит, тулки, бўлди бас, сендан қочиш ҳеч гапмас. Бўғирсоқ яна думалай бошлаган экан, тулки унга шундай дебди: – Қўшиғинг бунча ёқимли бўлмаса! Қарилик қурсин, қулоғим яхши эшитмайди, Сендан илтимос, шу қўшиғингни бурнимга чиқиб яна бир марта айтиб берсанг дегандим. Эшитиб бир маза қилай. Фақат қаттиқроқ айт. Бўғирсоқ тулкининг бурнига чиқиб куйлай бошлабди: – Мен бўғирсоқ, бўғирсоқ, супрадаги ун-урвоқ. Сидиришиб олдилар, қаймоққа хўп қордилар. Пишдим печда, товада, совитдилар ҳавода. Қочиб кетдим бобомдан, қочиб кетдим бувимдан.Қочиб кетдим қуёндан, қочиб кетдим бўридан. Қочиб кетдим айиқдан. Эшит, тулки, бўлди бас, сендан қочиш ҳеч гапмас.

– Раҳмат, бўғирсоқ, – дебди тулки унга. – Қўшиғинг ҳақиқатан ҳам ажойиб. Қани эди уни яна бир марта эшитсам. Тилимга тушгин-да уни менга сўнгги марта айтиб бер. Бўғирсоқ тулкининг оғзига сакраб тушибди, тулки бўлса бўғирсоқни «хап» этиб еб қўйибди!

Иккинчи бўлиб, Айиқ уйи кўринишида диорама ясалиб айиқ тулуми қўйган ва дарахт шохида оқ яполоқ қуш тулими ўрнатилган. Айиқлар (Ursidae) – йиртқичлар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласи. Энг йирик йиртқичлар, боши катта, бўйни қисқа ва йўғон. Панжалари кучли ривожланган, товонида юради. Думи калта, калин жуни орасида деярли сезилмайди. Кўпчилик Айиқлар ўсимликхўр баъзилари балиқхўр ёки аралаш озиқланиб дарахт коваклари ва ғорларга ин қурган ари инларидаги асални истеъмол қилишни ҳуш кўради. Айиқлар одамга тегмайди. Фақат озиқ танқис бўлганида, кекса ва ярадор айиқлар одам учун хавфли ҳисобланади. Оқ айиқ эса ҳақиқий йиртқич бўлиб, одам учун хавфли ҳисобланади.

Оқ япалоқ қуш япалоққушлар туркумига киради. У Арктика қушидир. Шимолий муз океанидаги оролларда ва тундрада яшайди. Қишлаш учун овқат ва иқлим шароитига қараб Европа ва Осиёнинг ўрта минтақаларига кўчади. 3-11 та тухум қўяди. Майда кемирувчилар ва балиқчалар билан озиқланади.

Деворда ўрмон, икки бўри, қуён ва ҳозирги замонавий эртак қахрамони Маша суръатлари чизилган.

Ўрмон — асосан экологик (тупроқни муҳофаза қилиш, сувни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳамда бошқа табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, ҳимоя, санитария-гигиена, соғломлаштириш) ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаради. Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади. Барча ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади.

Қуён — товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон. Уй қуёнларининг аждоди ёввойи қуёнлар ҳисобланади. Мадагаскар ороли, Жанубий Американинг жанубий вилоятлари ва Антарктидадан ташқари Ер юзининг ҳамма қисмида тарқалган. Уй қуёнлари ёввойи қуёнларга қараганда анча йирик, гавдаси узун 70 см гача (ёввойилари 44 см гача). Қуёнлар серпушт, тез етилади, гўшт ва мўйна, тивит олиш учун урчитилади.

 Учинчи бўлиб, бўри ва қўзичоқ мисолида инсонлар орасидаги яхшиликка ёмонлик, нафс ва зарарли одатларнинг салбий оқибатлари очиб берилган. Диорама орқа фонида ўрмон ариқда сув кичик тепаликдан тушаётгани тасвирланиб, устида итолғи лочини тулими ўрнатилган.

Ушбу эртак қуйидагича эди:

Бўри булоқнинг пастидан сув ичаётган қўзичоқни кўрди. У бир баҳона билан қўзичоқни ейишни хоҳларди. Қўзичоқга: — Эй, қўзичоқ! Нега сувимни булғаяпсан? — деб бақирди. Бечора қўзичоқ ҳайратланиб: — Мен сизнинг сувингизни қандай булғайман? Мен сувнинг пастида бўлсам… Сиз юқорида турибсиз-ку… — деди. Қизишган золим ва айёр бўри: — Сен ўтган йили мен ҳақимда ёмон сўзлар айтганмишсан? — деб бақирди. Қўзичоқ: — Бу қандай гaп? Мен ўтган йили ҳали дунёга келмагандим, — деди. Бўри: — Сен бўлмасанг аканг айтгандир? — деди баҳона қидириб. Қўзичоқ: — Менинг ака-укам йўқ,- деди. Хулоса ўрнида «Бўри билан қўзичоқ» масали ёдга тушди. Қуч золим қўлида бўлса, қиладиган зулми учун адолатни рўкач қилади, турли дабдабали шиорлар орқали барчага ўзини ҳалоскор қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Сунъий золимларни ўйлаб чиқиб, уларни кашф этади ва ушбу кашфиётларни рўкач қилиб барчага «адолатли» зулмни беандиша қилаверади.

Бўри қашқир (Canis lupus) — итсимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчи ҳайвон. У тоғ ўрмонли ёнғоқзорларда яшайди. Бўри ўз ўлжасини изи орқали топиб, уни узоқ таъқиб қилади. Чаққон ва кучли бўлганлиги учун ўзидан йирикроқ ҳайвонларга тўда бўлиб ҳужум қила олади. Оқшом тушганда ва кечаси овга чиқади. 5-6 та гоҳида 12 тагача туғади. Туёқли сутэмизувчилар, майда йиртқичлар, қуёнлар, суғурлар каби кемирувчилар, ёввойи мевалар, ўлаксалар билан озиқланади.

Итолғи лочини йиртқич қушлар туркумининг лочинсимонлар оиласига киради. Ўзбекистонда тоғ этакларида, чўл ва саҳролар, дарё бўйларидаги текисликларда яшайди. У кам учрайди. Уясини дарахтларга, тоғлардаги қояларга, саҳроларда баланд жарлик ерларга ясайди. Март ойи ўрталарида 3-4 та тухум қўяди. Итолғи лочини кемирувчилар кам бўлган жойларда асосан қушлар билан озиқланади. У қушларни учиб юрганда тутади. Кемирувчилар билан ҳам озиқланиб, фойда ҳам етказади.

Тўртинчи бўлиб, Тулки билан турна эртак қахрамонларининг тулумлари жойлаштирилиб орқа фонида ўрмон тасъвирланиб, тепасида каптарлар биогуруҳи тулимлари қўйилган.

Ушбу эртак қуйидагича эди:

Тулки билан турна яқин дўст эди. Бир куни тулки турнани тушликга таклиф қилди ва йўлга тушди. Тулки турнани кутиб олди “Кел, турнажон! Кел азизим!” Мен сени хурсанд қиламан” деди.

Тулки бўтқа тайёрлади ва ликопчаларга солиб чиқди. Кейин олиб келиб таом билан меҳмон қилди. “Еб ўтиринг, азизим турначам, мен ўзим тайёрлаганман” деди.

Турна тиқиллатиб-тиқиллатиб оҳирида ҳеч нимага эриша олмади. Тулки бўлса, ўзинг биласан деб ликопчадаги бўтқани ялаб қўйди. Тулки бўтқани еб бўлгач шундай деди:

“Ҳафа бўлма, азизим турна бошқа сен учун ҳеч нарсам йўқ” деб унинг устидан кулди.

“Раҳмат, тулкижон. Уйимга мени ҳам кўргани кел” дебди турна хафа бўлганча.

Келаси куни тулки турнанинг уйига келибди, Турна бўлса қайнатилган гўшт тайёрлаб овқатни кўзачаларга солиб дастурхонга қўйибди.

Турна ўзининг узун оғизи билан кўзанинг ичидаги таомни еб бўлиб стол устига қўйиб шундай дебди: “Ҳафа бўлма” тулкижон. Бошқа сенга ҳеч нарсани таклиф қилмайман”.

Тулки кўзанинг атрофида гирдикапалак бўлиб айланибди лекин ҳеч нарсани ололмади. Унинг боши кўзачага сиғмади.

Тулки ҳафа бўлиб, ўйланиб қолибди, чунки у гўшт ейман деб ўйлаган эди. У уйида турнага қилган муносабатини эслабди ва боши эгилганча уйига қайтиб кетибди.

Бир-бириларига меҳрибонлик қила олишмагач! Шу пайтдан бошлаб тулки билан турнанинг дўслиги охирига етибди.

Каптарлар биогуруҳи. Бу экспозицияда ёввойи тоғ каптаридан “Товус”, “Буқоқ”, “Якобин”, “Аждар” каби хонакилаштирилган каптарлар келиб чиққанлиги ўрин олган. Тоғ каптари каптарлар туркумига киради. Ўзбекистонда тоғлик ва қоялик ерларда яшайди. Май ойида 3-4 та тухум қўяди. Тоғ каптари ҳар хил донлар ва ёввойи ўсимликларнинг уруғлари билан озиқланади.

Бешинчи бўлиб, Кичина кўл ясалиб, унда сув ва сув тагида балиқлар, атрофида майса, ялпиз, гуллар ва тоғ сувсари, кўк суғур ҳамда пастда тошбақа, каклик тулумлари жойлаштирилган.

Балиқ — Ўзбекистон сув ҳавзаларида 80 га яқин балиқ турлари учрайди, улардан 20 га яқини бошқа юртлардан келтирилган. Булар оқ ва ола-була дўнгпешона, оқ ва қора амур, илонбош балиқ Узоқ Шарқдан, пелядь Сибирдан, гамбузия Америкадан келтирилган. Балиқ инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи шифобахш таом сифатида қадимдан севиб истеъмол қилинади. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги балиқнинг қийматини янада оширади. Балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ва қўй гўштидан юқори туради. Балиқ гўштининг 100 граммида инсон саломатлиги учун керак бўладиган бир кунлик — 0,2 миллиграмм йод сақланади.

Тоғ сувсари йиртқичлар туркумига мансуб сувсарсимонлар оиласига киради. Ўзбекистонда тоғ ва тоғ этакларидаги сув бўйларида ва қуруқликларда яшайди. Сувсар зараркунанда кемирувчиларни қириб фойда етказади.

Кўк суғур – йирик кемирувчилардан бири. Узунлиги 50 см ва оғирлиги 5 кг га етади. Фақат ғарбий Тяншанннинг Пском, Угом, Ангрен дарёлари бош қисмига туташган унча катта бўлмаган районларда тарқалган. Баланд тоғ ўтлоқларида, қорликларда ва серсув ўтлар сероб жойлар яқинида яшайди. Чуқурлиги 3 метргача бўлган ин қазийди ва колония бўлиб яшайди. Қишни уйқуда ўтказади.

Тошбақа — Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ҳаёт кечиради. Шунингдек Қизилқум, Мирзачўл, Қарнабчўл ҳудудларида ҳам кенг тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Ўрта Осиё Республикаларининг қуруқлик шароитига мослашган. Чўл ва саҳроларда, ўтлоқ ва чала ўтлоқ қумларда, шўр ерларда, тупроқли ерларда ва тупроқ шувоқзорларида, экинзор ерларда яшайди. Очиқ ерларга апрел-май ойларида 1-5 та тухум қўяди. Тошбақалар ўсимлик гули, куртаги, ёш навдаси барги каби серсув ва сершира нозик қисмлари билан озиқланади. У сувсиз саҳро ва чўлларда ўсимликлар таркибидаги сув билан қаноатланади.

Каклик товуқлар туркумининг қирғовулсимонлар оиласига киради. Ўзбекистондаги тоғларда тошлоқ тоғ бағирларида ўтроқ яшайди. Уясини катта тошлар остига ясайди. 9-12 та тухум қўяди. Каклик ҳушёр қушдир, тез югуради, лекин тез ва яхши учолмайди. У ўсимликларнинг куртак ва барглари, дон ва уруғлари, моллюскалар, ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади. Какликнинг гўшти мазали бўлганлиги учун ов қилинади.

Олтинчи бўлиб, Залнинг ўртасига музей ҳодимлари томонидан Тошкент Ботаника боғидан олиб келинган 28-30 йиллик арча дарахтининг танаси ўрнатилган. Дарахт шохида кичик бургут, қузғун ва олмахон тулимлари жойлаштирилган. Залнинг ўнг томонида виқорли тоғларимиз ва табиат тасвирланган.

Арча – сарвдошлар оиласига мансуб доим яшил дарахт ва буталар туркуми. 70 га яқин тури бор. Арча бир жинсли, бир ёки икки уяли, шамол ёрдамида чангланувчи, игнабаргли ўсимлик. Арчанинг еркаклик қуббаси сарғиш, 3-6 чангдонли қипиқсимон чангчилардан ташкил топган. Арчанинг бир неча тури Ўзбекистон тоғларида тарқалган бўлиб, махсус арчазорларни ташкил қилади. Арчанинг хўжаликдаги аҳамияти катта. Ёғочи меъморчиликда, ўймакорликда ва қалам ясашда ишлатилади.

Бургут — Узун қанотли ва узун кенг думли йирик йиртқич қуш, бургутлар ичида энг йириги ва кучлиси. Қанотлари очилганда 1,8-2,3 метр атрофида, умумий узунлиги 76-95 см, вазни 3-6,5 кг. Модаси наридан йирикроқ. Вояга етган қушлар жигарранг — қўнғир тусда, қанотлари остида очиқ рангда. Бошининг усти ва бўйнининг орқаси тилларанг. Ёш қушлар (5 ёшгача) думи тагидаги кенг оқ йўли ва қанотларидаги оқ доғлари билан ажралади. Парвози муаллақ, эркин ва ҳаракатчан. Шимоий ярим шарда кенг тарқалган, аммо кўпчилик минтақаларда ҳозирги вақтга келиб йўқолиб кетган ёки ўта камёб бўлиб қолган. Ўзбекистон худудида уялари барча тоғли районларда, Устюрт платосида ва Жанубий Оролбўйида учрайди. Уялари Нурота, Зомин, Китоб, Ҳисор, Сурхон ва Чотқол давлат қўриқхоналари худудида, Зомин ва Угом Чотқол миллий табиат боғларида мухофаза қилинади.

Қузғун — чумчуқсимонлар туркумининг қарғасимонлар оиласига киради. Ўрмонларда, жарларда, дарё водийларида ўтроқ яшайди. Ўзбекистонда тоғлардаги қояларга 3-6 та тухум қўяди. Асосан ўлимтиклар билан озиқланади.

Олмахон – кемирувчилар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласининг бир тури. Гавдасининг узунлиги 40 см гача (думи билан). Жанубий Америка, Осиё, Африка ва Европада тарқалган бўлиб асосан ўрмонларда яшайди. Кўзи ва эшитиш органлари яхши ривожланган, тунда фаол, дарахт ковакларида баланд шохларда ўт-ўланлардан ясалган инларда яшайди. Дарахт мевалари, уруғлар ва ҳашаротлар билан озиқланади.

Тоғлар – Ер релъефининг бир шакли. Тоғлар, тоғли ўлкалар – ер юзасининг теваракатрофдаги текисликлардан якка ёки қатор кўтарилиб турган баланд жойлари. Тоғлар турли йўналишда, ҳар хил масофада тўғри чизиқ шаклида (Урал, Катта Кавказ, Кордилерия, Олой, Зарафшон ва бошқалар) ёки ёйсимон шаклда (Алп, Карпат ва бошқалар) чўзилган бўлади. Тоғларда жуда кўп ноёб ҳайвонлар учрайди ва ноёб ўсимликлар ўсади.

Янги яратилган экспозициядаги эртаклар тарихимиз, аждодларимиз ҳаёти, табиатга бўлган мехр-мухаббат, урф-одат ва анъаналарини ифодаловчи ноёб номоддий мерос сифатида юксак қадр-қимматга эга. Шунинг учун ҳам уларни асраб авайлаш, келажак авлодларга етказиш, қолаверса, ёш авлод қалбида катталарга ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, уларни мардлик, ҳалоллик, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар, она юртга ва аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашга ҳизмат қилади.