Бургут

Узун қанотли ва  узун кенг думли йирик йиртқич қуш, бургутлар ичида энг йириги ва кучлиси. Қанотлари очилганда 1,8-2,3 метр атрофида, умумий узунлиги 76-95 см, вазни 3-6,5 кг. Модаси наридан йирикроқ. Вояга етган қушлар жигарранг – қўнғир тусда, қанотлари остида очиқ рангда.  Бошининг усти ва бўйнининг орқаси тилларанг. Ёш қушлар (5 ёшгача) думи тагидаги кенг оқ йўли ва қанотларидаги оқ доғлари билан ажралади. Парвози муаллақ, эркин ва ҳаракатчан. Шимолий ярим шарда кенг тарқалган, аммо кўпчилик минтақаларда ҳозирги вақтга келиб йўқолиб кетган ёки ўта камёб бўлиб қолган. Ўзбекистон худудида уялари барча тоғли районларда, Устюрт платосида ва Жанубий Оролбўйида учрайди. Уялари Нурота, Зомин, Китоб, Ҳисор, Сурхон ва Чотқол давлат қўриқхоналари худудида, Зомин ва Угом Чотқол миллий табиат боғларида муҳофаза қилинади.

         Ўрмонлар, тоғлар ва чўлларда яшайди. Ўзбекистонда қумли чўллар, қолдиқ паст тоғлар, тоғ олдилари, тоғларнинг ўрта ва юқори минтақаларида тарқалган. Фаол йиртқич –кемирувчилар, турли қушлар, илонлар, тошбақалар, қуёнлар билан озиқланади. Тулкиларга, шунингдек ёввойи ва уй туёқли ҳайвонлари боласига ҳамла қилади. Баъзида ўлакса ҳам истеъмол қилади. Бургутлар жуфти доимий жойда ўтроқ яшайди ва йилдан йилга битта уяни эгаллайди ёки навбат билан 2-3 уяда яшайди. Жуфтлари доимий. Бошқа йиртқич қушлардан уяли жойини жуда фаол ҳимоя қилади. Қояларда, тик тошли ён бағирларда, лёссли жарларда, дарахтларда, электр узаткич линияларида уя қуради. Уяси диаметри 1-2 м атрофида, шохлардан текис шаклда, новига қуруқ ўт ва мох солинган ва четларида янги яшил дарахт шохлари ва буталар терилган. Февраль -март ойларида модаси 2 та (баъзида 1 ёки 3 та) тухум қўяди. Тухум босиши 43-45 кун давом этади. Одатда полопонларидан фақат биттаси, энг кучлиси тирик қолади. Ёш қушлар уядан июн-июлда учиб кетади. Ўзбекистон худудида жами 80-100 уя қурган жуфтлар қайд қилинади.