Музейлар-бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий-маънавий-маърифий хазина эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Музейлар-бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий-маънавий-маърифий хазина бўлиб, у йиллар давомида бойиб боради. Ҳар бир оилада музейнинг бир элементи мавжуд бўлиб,  ҳар биримиз ота-она, бобо-момоларимиздан бизга мерос бўлган ҳар бир буюм, фотосурат ёки бир ҳужжат бўладими биз уни авайлаб-асраймиз ва ўз фарзандларимизга улар тўғрисида фахр билан сўзлаб берамиз.

Мерос бўлган ашёлар, инсоният ижоди маҳсули сифатида  яратилган санъат асари бўладими ёки бошқа буюмлар сараланиб музейлардан жой олади ҳамда умуминсоний бойликка айланади. Бу билан аждодлардан мерос бўлган анъаналар, урф-одатлар ва бошқа хусусиятларни фарзандлар ва набираларга айтиб бериш, мерос қолдириш орқали инсоният тадрижий ривожланиб бораверади.

  Республикамизда ўз йўналишига кўра музейлар мавжуд бўлиб, улардан бири Ўзбекистон Давлат табиат музейи ҳисобланади. Ўзбекистон Давлат табиат музейи 1876 йил 12 июльда ташкил этилган бўлиб, ўз йўналишига кўра Марказий Осиёда ягонадир. Унинг илмий фондида табиатшуносликка оид музей ашёлари мавжуд бўлиб, мазкур соҳа бўйича Республикада бош музей ҳисобланади.

Бир ярим асрлик музей тарихи давомида музейнинг илмий фонди янада бойитилиб борилган ва шу мақсадда музей илмий ходимлари томонидан Республика ҳудудлари жумладан, 1912 йил Қизилқум, 1937 йил Ҳисор тоғ тизмаси, 1936-37 йилларда Олой тоғ тизмаси (Борсин сой дараси, Борсин музлиги)га илмий экспедиция ташкил этилган.

Музей илмий фондидаги энтамология коллекцияси Ҳамдўстлик  мамлакатларида мавжуд бўлган энтамология коллекциялари ўртасида юқори ўринларда туради. Бундан ташқари музейда Оология (тухумлар) коллекцияси, қизил китобга киритилган ҳайвонлар тулумлари, геология, ўсимликлар оламига оид музей ашёлари мавжуд.

Музейдаги мавжуд биогуруҳлар, ҳайвонлар тулумлари, ўсимлик намуналаридан иборат экспозициялардан тўлиқ бир кўргазма мажмуасини ташкил этиш, музейга ташриф буюрувчиларга Республика табиати тўғрисида қизиқарли ва бой таассурот қолдириш, табиат ҳодисалари тўғрисида аниқ тасаввур берувчи ландшафт усулида яратилган ва яратилмоқда.

created by dji camera

Беш йил давомида музей илмий ходимлари рассомлар билан биргаликда Республика табиатини акс эттирувчи экспозиция яратдилар. Музей экспозициясини яратиш мақсадида 1960 йилдан 1966 йилгача Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари Қизилқум, Амударё ва Сирдарё тўқайзорлари, Туркистон тизма тоғлари этаклари, Фарғона ва Пискент тизма тоғларининг мевали дарахт ўрмонлари, Туркистон ва Чотқол тизма тоғларининг баланд тоғларида илмий экспедициялар ташкил этилган.

 Музей экспозициясида Атрофимиздаги-олам, Табиатшунослик, География, Ботаника, Зоология, Одам анатомияси, Умумий биология фанлари  ҳамда Экология бўйича экскурсиялар, маҳаллалар, ишлаб чиқариш корхоналари, дам олиш масканлари ўқув юртларида кўргазмалар ва маърузалар ташкил этиш ишлари амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Давлат табиат муузейинин бино билан таъминлаш тўғрисида”ги 600-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар Олмазор тумани А.Ниёзов кўчаси 1-уй манзилига кўчирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 6 июльдаги 350-Ф-сонли фармойишига асосан музейнинг янги экспозицияси яратилиб, 18 май-Халқаро музейлар куни муносабати билан 2010 йилнинг май ойида ўз фаолиятини тиклади.

Ўзбекистон Давлат табиат музейининг янги экспозициясини яратиш музейнинг илмий фондини бойитиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тувалоқларни кўпайтириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  276-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи паррандаларнинг ноёб турларини сунъий кўпайтиришга шароитлар яратиш, Ўзбекистонда генофондни сақлаш ва уларнинг турларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан тувалоқларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, кенг жамоатчилик ва музейга ташриф буюрувчиларга  таништириш ҳамда тарғиб этиш мақсадида Навоий вилоят тарихий Ўлкашунослик музейи билан ҳамкорликда Навоий вилоятидаги Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш марказига илмий экспедиция ташкил этилди. Ташриф доирасида Тувалоқларни сақлаш маркази ва Ўзбекистон Давлат табиат музейи ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, марказ томонидан музейга 4 дона тувалоқ тухуми совға этилди. Ҳозирда ушбу тувалоқ тухумлари музей экспозициясига намойишга қўйилган. Ўзбекистон Давлат табиат музейи томонидан ташкил этилган мазкур илмий экспедиция Ўзбекистон Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил  19  сентябрдаги “2008-2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тўғрисида”ги 212-сонли ҳамда 2011 йил 26 августдаги  “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузурида Қуйи амударё Давлат биосфера резервати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  243- қарори асосида олиб борилётган ишлар билан танишиш, илмий ўрганиш, кенг жаматчиликка таништириш, музей-қўриқхоналар, вилоят Ўлкашунослик музейларининг экспозицияларида намойишга қўйиш ҳамда тарғиб этиш мақсадида ўрнатилган тартибда рухсатнома олиниб,  Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси, Хива Ичон-қалъа музей қўриқхонаси, Андижон вилоят адабиёт ва санъат музейи, Андижон вилоят Ўлкашунослик музейи, Қорақалпоғистон Республикаси Ўлкашунослик музейилари илмий ходимлари билан ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги Бадай-тўқай қўриқхонаси кенгайтирилиб, унинг ўрнида ташкил этилган Қуйи Амударё резерватига илмий экспедиция ташкил этилди.

 Музей илмий ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Чимён-Чотқол тоғ тизмалари, Қурама тоғ тизмаларига илмий экспедиция ташкил этилиб фотосуратлар олинди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи Наманган вилоят Ўлкашунослик музейи, Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейи, Андижон вилоят Ўлкашунослик музейлари билан ҳамкорликда Фарғона водийси табиатини ўрганиш, фото суратлар олиш мақсадида Олой тоғ тизмаси Имом-ота тоғи этаклари, Сирдарё дарёсининг Наманган вилояти ҳудудидаги Ахсикент ёдгорлиги атрофи соҳиллари,    Фарғона вилояти ҳудуди Ёзёвон табиат ёдгорлигига илмий экспедиция ташкил этилди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи ҳамда Навоий вилоят Ўлкашунослик музейи билан ҳамкорликда 2009 йил май ойида Навоий вилояти ҳудудидаги Сармишсой табиий археология мажмуа музей-қўриқхонасига экспедиция ташкил этилиб, ҳудуднинг флора ва фауна дунёси ҳамда қадимги аждодларимиз томонидан  чизилган қоятош суратлари  билан танишиш, фото ва видеотасвирлар олиш ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи томонидан  Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомарказига  2009 ва 2010 йилда илмий   экспедициялар ташкил

этилиб, экомарказдаги жайрон, қўлон ва бошқа қизил китобга киритилган ҳайвонларни давлат томонидан ҳимоя қилиш ва кўпайтириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, илмий кузатув ва ўрганиш ишлари олиб борилди.

Самарқанд вилоятидаги Зарафшон қўриқхонасига 2009 ва 2010 йилларда илмий экспедиция ташкил этилиб, бухоро буғуси (хонгул)ни давлат томонидан ҳимоя қилиш ва кўпайтириш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда илмий кузатув ва ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи ҳамда Сурхондарё  Археология музейи илмий ходимлари билан ҳамкорликда 2011 йил июн ойида Кўҳитанг тоқлари ҳамда Зараутсойдаги тошларга битилган қадимги суратлар ва ёзувлар билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига илмий экспедиция ташкил этилди.

Ҳозирда илмий экспедициялар натижасида йиғилган маълумотлар, фотосуратлар умумлаштирилмоқда ва мавзуга оид алоҳида-алоҳида фотоальбом, китоб, илмий-услубий қўлланма сифатида чоп эттирилиб, Республика музейларига тарқатишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ЭКОҲАРАКАТИ ва Табиатни муҳофаза қилиш  Давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб чоп этилган  “ЎЗБЕКИСТОН ТАБИАТИ” фотоальбомига Ўзбекистон Давлат табиат музейи фотоколлекциясидан 40 га яқин фотосуратлар киритилган.

 Ўзбекистон Давлат табиат музейининг илмий фондини бойитиш, экспозициясига янгиликлар киритиш мақсадида маълумотлар, материаллар, намуналар йиғиш ҳамда фото ва видеотасвирлар олиш мақсадида 2012 йилда мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб, жумладан Навоий вилояти ҳудудидаги қадимда ўрмонзор бўлган ва динозаврлар яшаган жойларга ҳамда қизил китобга киритилган Амирликларнинг йўрға тувалоқларни қўпайтириш ва сақлаш марказига 2012 йилда илмий экспедициялар ташкил этиш, мазкур илмий экспедицияни Самарқанд Давлат Университети биология факультети, Ўзбекистон Миллий Университетининг биология ва геология факультетлари билан ҳамкорликда талабалар иштирокида амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Талабалар иштирокида мазкур амалга оширилаётган ишлар уларнинг келажакда музей мутахассислари бўлиб етишишида ёрдам беради.