Онлайн мақола: «Қор қоплони»

Ўзбекистоннинг юқори тоғ тизмаларида йирик мушук – қор қоплони яшайди. У сайёрамиздаги ҳайвонот оламининг камёб турларидан бири ҳисобланади. Йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур бўлиб, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ) қизил рўйхатига киритилган. Тана узунлиги 130, думи 90 см. Уларнинг ўзига хос хусусияти бу жуда узун думи, шунингдек кенг панжалари бўлган қисқа оёқларидир. Оёқ излари катта ва думалоқ бўлиб, тирноқлардан ажралиб турадиган изларсиз. Ясси катта ёстиқлари бўлган кенг панжалари қор устида вазнни тенг тақсимлашга ёрдам беради. Барча йирик мушуксимонлар орасида, қор қоплони тоғларнинг ягона доимий аҳолиси ҳисобланади. Уларнинг кўриш, эшитиш ва ҳидни ҳис қилиш органлари яхши ривожланган. Эркак қоплонлар 75 кг гача етади, урғочилари кичикроқ бўлади. Юнги қуюқ, майин кулранг тусда бўлади. Танаси қора ҳалқасимон доғлар билан қопланган. Қор қоплони баланд тоғларда, кичик текисликлар бор жойларда яшайди. Уяси жарликлар тагида, қояларнинг кенг жойларида ва ғорларда бўлади. Асосан кечки пайт, камдан – кам кундузи ов қилади. Ўлжасига тошлар орасидан яқинлашиб, катта сакраш билан ташланади. Улар сакраганда 6 метр ва ундан узоққа сакрай олади. Ўлжасини овлаш вақтида бир неча катта сакрашларни амалга оширади, аммо унинг ортидан қувмайди. Қор қоплони асосан ёввойи туёқлилар тоғ эчкилари, буғулар, тоғ қўйларини овлайди. Икки йилда бир марта болалайди. Жуфтлашиш даври февраль-март ойларида. Июнда 1тадан камдан кам холларда 5 тагача болалайди. Болалари 1-1,5 ёшгача онасидан ажрамайди ва 2-3 йилда вояга етади. Уларнинг сони доимо кам бўлган.
Давлат экология қўмитасининг хабар беришича Ҳисор давлат қўриқхонасидаги фотоқопқон икки бош қор қоплонини суратга олган. Қайд этилишича 2020йил 26 апрель куни Қизилсув бўлимига ўрнатилган фотоқопқон текширилганда, 16 март куни фотоқопқон нигоҳига иккита Ўзбекистон ва жаҳон “Қизил китоби”га киритилган қор қоплони тушгани маълум бўлди. Угам –Чотқол давлат миллий табиат боғининг ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонга 2020 йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон ва жаҳон “Қизил китоби”га киритилган қор қоплони икки бор тушиб қолган.Уларнинг умр узунлиги 21 йилгача. Баланд тоғ яйловларининг ўзлаштирилиши, озуқа манбаларининг камайиши, браконьерлик қор қоплонининг камайишига сабаб бўлмоқда. Ҳисор, Зомин, Чотқол қўриқхоналари ва Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. СITESнинг 1-иловасига киритилган. Ҳозирги кунда дунё ҳайвонот боғларида кўпайтирилади. Уларни овлаш таъқиқланган.
Ўзбекистон Давлат табиат музейи
табиатшунослик бўлими илмий ходими Д.Тошпўлатова