#Онлайн мақола

Ўзбекистон Давлат табиат музейи тарихи

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда тўрт юздан ортиқ музей фаолият кўрсатмоқда. Уларда аждодларимиз тафаккури маҳсули бўлган энг қадимги тошёзувлару битиклар, нодир қўлёзмалар, тарих, адабиёт ва санъат, илм-фан ҳамда бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар, ноёб ашёлар, ҳали-ҳануз ўз кўркини йўқотмаган осори-атиқалар асл ҳолича сақланмоқда. Экспонат ва экспозицияларда улуғ аждодларимиз ҳаёти, табиат, ҳайвонот ва наботот олами, биз учун маълум маънода сабоқ бўлгувчи воқеа ҳамда ҳодисалар ўз аксини топган. Улар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, хорижий сайёҳларнинг беназир номоддий мерос эгаси эканимизни ҳис қилишида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи Марказий Осиёнинг дастлабки йирик илмий-маърифий муассасаларидан бири бўлиб ҳисобланган. Илгари “Тошкент музейи” деб номланган бу муассаса 1876 йилдан табиатшунослик, антропология  ва этнография билан қизиқувчилар ташаббуси билан ташкил этилган эди, 1921 йилда музей, қадимги ёдгорликларни сақлаш, санъат табиат ишлари бўйича қўмита тасарруфига ўтказилиб, Ўрта Осиё Бош музейи номини олган.

1944 йилда Ўзбекистон Давлат табиат музейи бой илмий фондларни сақлайдиган муассаса сифатида Ўзбекистон Фанлар академиясининг тизимига ўтказилиб “Ўзбекистон Фанлар академиясининг табиат музейи” деб ном олган. 1963 йилда Ўзбекистон ФА тизимидан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ихтиёрига ўтказилди ва “Ўзбекистон давлат табиат музейи” деб юритила бошланди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейи ҳақида музей илмий ҳодимлари ёш келажак авлодни табиат билан яқиндан таништириш хамда табиатни севишга, асрашга, атроф мухитга оқилона муносабатда бўлиб, табиат қонун қоидаларига бефарқ бўлмаслиги хақида керакли тушунчалар беради.

Хурматли юртдошлар барчангизни Ўзбекистон Давлат табиат музейига таклиф қиламиз. Бизнинг манзил Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зарқайнар кўчаси 1 уй.

Иш вақти: Сешанбадан-Жумагача 10:00-17:00.

Шанба-Якшанба 10:00-16:00.

Дам олиш куни: Душанба.

Ўзбекистон давлат табиат музейи бўлим мудири
Ж.Худойбердиев